00:19 / 28.11.2020
6092

Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси ва бўлимлари Қурилиш вазирлиги бўйсунувига ўтади

Қурилиш майдончаларида ишчиларнинг жароҳат олишини камайтириш бўйича чоралар кўрилади. Ягона маъмурий қурилиш регламенти ишлаб чиқилади.

Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳри туманлари қурилиш бўлимлари Қурилиш вазирлиги бўйсунувига берилади.

Бу – Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилишнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясига оид президент фармонида белгиланган.

Қурилиш вазирлигига уч кун ичида Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом лойиҳасини тасдиқлаш учун ҳукуматга киритиш юклатилди.

2021 йил 1 июнгача Ягона маъмурий қурилиш регламенти ишлаб чиқилади. Унда бирламчи рухсат бериш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни экспертизадан ўтказишдан тортиб объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча қурилиш жараёнлари қамраб олинади.

Илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида лойиҳа-қидирув ва қурилиш фаолиятига суғурталаш тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилади.

Қурилиш вазирлигида коррупцияга қарши курашиш комплаенс тизими жорий этилиб, ISO 37001 халқаро стандартига (Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими) мувофиқлик сертификати олиниши белгиланди.

2021 йил 1 сентябргача «Огоҳ фуқаро» электрон тизими яратилади. Бу – фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини беради.

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ISSA) концепциясини жорий этишга асосланган «Қурилиш майдончаларида жароҳатланишга барҳам бериш» дастури ишлаб чиқилади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сон Конвенциясига қўшилиш масаласи ўрганиб чиқилади.

Top