Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венада Асад даври генерали устидан суд бошланди
Австрия пойтахти Вена шаҳрида Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ҳукмронлиги даврида хизмат қилган икки юқори лавозимли хавфсизлик амалдори устидан суд жараёни бошланди. Улар 2010-йиллар бошида ҳукуматга қарши намойишларни бостириш чоғида қийноқлар ва зўравонликларда айбланмоқда.
Австрия прокуратураси 64 ёшли собиқ махсус хизматлар генерали Холид ал-Х. ва 54 ёшли собиқ жиноят қидирув полицияси ходими Мусаба Абу Р.ни мухолифатчиларга нисбатан қийноқ қўллаш, оғир тан жароҳати етказиш ҳамда жинсий зўравонлик қилишда айбламоқда. Тергов маълумотларига кўра, айрим ҳолатларда улар шахсан маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган, бошқа ҳолатларда эса бундай ҳаракатларга буйруқ берган.
Ишда прокуратурага ёрдам бераётган Германиянинг Конституциявий ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа маркази (ECCHR) маълум қилишича, собиқ генерал Асад режими вакиллари орасида Европада қўлга олинган энг юқори лавозимли шахс ҳисобланади.
Маълум қилинишича, генерал 2015 йилда Исроил ва Австрия ўртасидаги келишув доирасида Венага олиб келинган. Бироқ у судга тортилиш ўрнига Австрияда қочқин мақомини олган. Иккинчи айбланувчи ҳам мамлакатда қочқин сифатида яшаб келган.
Ҳар икки айбланувчи ўз айбини тан олмаган. Агар айбдор деб топилса, улар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Австрия қонунчилигига мувофиқ, айрим жиноятлар мамлакат ҳудудидан ташқарида содир этилган бўлса ҳам, улар бўйича жиноий таъқиб олиб борилиши мумкин.
Келгуси ҳафталарда судда 18 нафар жабрланувчи кўрсатма беради. Улар 2011–2013 йилларда Раққа шаҳрида ҳукуматга қарши намойишлар бостирилган пайтда айбланувчилар ҳаракатларидан жабр кўрганини билдирмоқда.
Мавзуга оид
08:29 / 01.06.2026
Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи
20:33 / 30.05.2026
«Меҳр» операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилди
18:07 / 30.05.2026
Ўзбекистондан Сурияга маҳсулотлар экспорти бошланади
21:31 / 06.05.2026