Жаҳон | 22:41 / 02.03.2026
6404
2 дақиқада ўқилади

Озод бўлиш учун қўрқув уйғотишимиз керак – Макрон Франция ядровий стратегияси ўзгарганини эълон қилди

Франция президенти ядровий арсеналини кўпайтиришини айтди, чунки олдинда «ядро қуроли даври» турибди.

Фото: AP

Франция президенти Эммануэл Макрон ядровий тийиб туриш стратегияси ўзгарганини эълон қилди. Унинг нутқидан Meduza қисқа иқтибослар келтирди.

«Геосиёсий ларзалар даври бошланди. Дунё бўйлаб можаролар тобора кучайиб бормоқда. Уларда ядро қуролига эга бўлган давлатлар иштирок этади. Уларнинг ядровий бўсағадан ўтиш хавфи ортиб бормоқда. Озод бўлиш учун қўрқув уйғотишимиз керак. Францияга ҳужум қилишга журъат этган ҳар бир киши қандай товон тўлашини билиши керак. Биз тийиб туриш стратегиямизни янгилаяпмиз», деди у.

«Биз баллистик ракеталарни жойлаштирадиган янги сувости кемаси қуришни бошлаяпмиз. Биз ядровий каллаклар сонини кўпайтирамиз ва бундан буён арсенал ҳажми ҳақида ҳисобот бермаймиз. Биз қуролланиш пойгасига қўшилмаймиз, бизнинг ядровий доктринамиз асосларни сақлаб қолади: қатъий мудофаа характери, ядровий урушдан воз кечиш, оддий ва ядровий қуроллар ўртасидаги чегара. Бизнинг тийиб туриш стратегиямизда энди Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари иштирок этади, бизнинг стратегик ҳаво кучларимиз бутун қитъа бўйлаб жойлашади», деди Макрон.

«Халқаро қоидалар бузилган. Келинг, вазиятга ҳушёрлик билан қарайлик: ҳамма ўзини эркин тутяпти. Европаликлар ўз хавфсизлиги бошқалар томонидан ўрнатилган қоидаларга боғлиқлигига ўрганиб қолган, аммо бизнинг давримизда бошқача ёндашув талаб этилади. Кейинги ярим аср ядро қуроли даври бўлади», деб қўшимча қилди Франция раҳбари.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид