Иқтисодиёт | 11:12 / 13.08.2025
6437
1 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси тадбиркорлардан катта миқдорда пул ечиб олган. Қўмита буни «техник носозлик» билан изоҳлади

Давлат солиқ қўмитаси электрон солиқ хизматлари порталидаги техник носозлик сабаб солиқ қарздорлиги пайдо бўлиши, маблағ ечиб олиниши каби нотўғри маълумотлар акс этаётганини маълум қилди. Носозлик бартараф этилгач, барча маълумотлар тикланиши ва нотўғри ечилган маблағлар қайтарилиши айтилган.

Ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлардан асоссиз равишда маблағлар ечиб олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

«Биздан 200 миллион атрофида ноқонуний пул ечиб олишди, ўзим аудиторман, ҳамма ташкилотларда шу аҳвол»,  деб ёзган мурожаатчилардан бири.

Давлат солиқ қўмитаси электрон солиқ хизматлари (my3.soliq.uz) тизимида техник носозлик кузатилаётганини маълум қилди.

Қўмита шу сабабдан порталда солиштирма далолатнома бўйича солиқ қарздорлиги пайдо бўлиши, маблағ ечиб олиниши ва бошқалар каби вақтинча нотўғри маълумотлар акс этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Вазият назоратга олинган. Ҳозирда мутахассислар мазкур муаммони бартараф этиш устида ишламоқда. Носозликлар бартараф этилгач, барча маълумотлар тикланади, нотўғри ечилган маблағлар қайтарилади. Тушунганингиз учун раҳмат!»  дейилади қўмита расмий муносабатида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид