Бўрттирилган айблов ортидан жуда кўп миқдордаги маблағлари тергов даврида тортиб олинган тадбиркорлар судда қисман адолатга эришган. Аммо Бош прокуратура хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг марказий маҳкамаси олиб қўйилган пулларини қайтариш бўйича суд ҳужжатларини бажармаяпти. Уни ундириши керак бўлган МИБ эса департаментнинг “туғишган укаси”.
Бош прокуратура департаменти томонидан суд ҳужжатларини очиқчасига ижро қилмаслик ҳолатлари кўпаймоқда. Бу айниқса, жиноят иши тергови пайтида департаментнинг депозит ҳисобрақамига мажбурий тарзда олинган маблағларни эгаларига қайтариш билан боғлиқ суд ҳужжатлари ижросида кўпроқ кўзга ташланяпти. Тадбиркорлар ўз пулини департаментдан қайтариб ололмасдан, ойлаб сарсон бўлмоқда.
1-ҳолат
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “The Elite Case”, “The Fall” ва “Max Standart” МЧЖлар таъсисчиси Ғайрат Каримжоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган. У солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда айбланган.
Суднинг 2025 йил 25 мартдаги ҳукми билан Ғайрат Каримжонов айбдор деб топилган ҳамда 75 млн сўм миқдорида жарима жазосига тортилган. Шунингдек, Бош прокуратура департаменти депозит ҳисобрақамига топширилган 2 млрд 667 млн 888 минг сўм пул маблағи етказилган моддий зарарни қоплаш учун Учтепа туман давлат солиқ инспекцияси орқали давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Бироқ суд ҳукми билан тергов органи депозит ҳисобрақамига топширилган 15 793 АҚШ доллари ва 21 млн 406 минг 101 рубл (21 октябр ҳолатига Марказий банк белгилаган курс бўйича 3 млрд 377 млн 192 минг сўм) пул маблағларининг тақдири ҳал қилинмаган. ЖИБ Учтепа туман судининг 2025 йил 24 апрелдаги ажрими билан ушбу маблағларни депозит қўювчига, яъни Ғайрат Каримжоновга қайтариш белгиланган.

Аммо Бош прокуратура департаменти 5 ойдирки суд ҳужжати ижросини таъминламасдан, ушбу пул маблағларини тадбиркор Ғайрат Каримжоновга қайтармай келмоқда. Бу орада департамент ЖИБ Учтепа туман судига 2025 йил 12 июнда юқоридаги жиноят иши бўйича давлатга етказилган зарарни ундиришдан ортиб қолган пул маблағларини “The Elite Case”, “The Fall” ва “Max Standart” МЧЖларнинг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича талабларни қаноатлантиришга йўналтиришни сўраб, мурожаат йўллаган. ЖИБ Учтепа туман суди 2025 йил 20 июн куни ушбу мурожаатга расмий жавоб қайтариб, судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилишини, суд ҳукмида айблов доирасига киритилган зарарни ундиришгина белгиланганини маълум қилган. Яъни суд Бош прокуратура департаменти сўровини рад этган.












