Иқтисодиёт | 18:58 / 13.08.2025
5290
2 дақиқада ўқилади

Техник носозлик сабаб солиқ тўловчилардан қарийб 400 млрд сўм ечиб олингани маълум бўлди

Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида юз берган техник носозлик 30,1 минг солиқ тўловчига таъсир кўрсатган. Қўмита кун охиригача барча пуллар қайтарилишини билдирди.

Солиқ қўмитаси техник хатолик сабабли ечиб олинган маблағлар солиқ тўловчиларга қайтарилаётгани ҳақида хабар берди.

Қўмита маълумотлар базасида юз берган техник носозлик сабабли 30,1 минг солиқ тўловчининг ҳисобидан асоссиз равишда жами 399,3 миллиард сўм маблағ ечиб олинган. Хусусан: 

  • 7 203 нафар солиқ тўловчидан – 100 минг сўмгача;
  • 10 165 нафар солиқ тўловчидан – 100 минг сўмдан 1 млн сўмгача;
  • 8 270 нафар солиқ тўловчидан – 1 млн сўмдан 10 млн сўмгача;
  • 3 780 нафар солиқ тўловчидан – 10 млн сўмдан 100 млн сўмгача;
  • 672 нафар солиқ тўловчидан – 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача;
  • 10 нафар солиқ тўловчидан – 1 млрд сўмдан ортиқ  маблағлар ечиб олинган.

Қайд этилишича, солиқ органлари маблағларни бугунги кун охиригача солиқ тўловчиларнинг ҳисоб рақамларига қайтариш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.

Хусусан, солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан ечиб олинган маблағларни қайтариш бўйича тегишли хулосалар тўлиқ Ғазначиликка юборилган.

«Маблағларни қайтариш автоматик тарзда амалга оширилади, солиқ тўловчилардан ёзма мурожаат талаб этилмайди.

Шу билан бирга, тижорат банкларида ҳали ижро қилинмаган инкассо топшириқлари ҳам қайтариб олиниши таъминланди», дейилади хабарда.

Бугун соат 18:00 ҳолатига 20 608 та субъектга 274,7 млрд сўм қайтарилиши таъминланган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид