Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистон Ўзбекистонда 50 млн доллардан зиёд лойиҳаларни амалга оширади
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида жорий йил 3-12 сентябр кунлари Покистоннинг нуфузли тадбиркорларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссияси ташкил этилди.
Бизнес-миссия Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида уюштирилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбарияти, вилоят ҳокимликлари мутасаддилари иштирокида учрашувлар ташкил этилди. Музокараларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш, миллий брендларни тарғиб этиш ва бозорлар географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Покистонлик тадбиркорлар делегацияси аъзолари Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Фарғона, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги тери ва пойабзал саноати корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон ҳудудларидаги соҳавий етакчи компанияларда Покистон ишбилармонлари учун махсус тақдимотлар ўтказилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт имкониятлари ҳамда мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар тўғрисида батафсил ахборотлар берилди.
Бухоро ва Самарқанд вилоятларига сафарлар чоғида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳияти ҳамда маҳсулотларни Покистон бозорига етказиб бериш, ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва савдо ҳажмини ошириш механизмлари кўриб чиқилди.