Ўзбекистон | 14:00 / 18.09.2025
1578
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонлик аёл тадбиркорлар WorldFood Istanbul 2025 кўргазмасида иштирок этишди

2–5 сентябрь кунлари Истанбулда ўтказилган WorldFood Istanbul 2025 халқаро кўргазмасида Ўзбекистондан борган аёл тадбиркорлар делегацияси иштирок этди.

Фото: Coca-Cola

2025 йил 2–5 сентябрь кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 33-Халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси — WorldFood Istanbul 2025 тадбирида Ўзбекистонлик аёл тадбиркорлар делегацияси иштирок этди. Улар «Hamroh» компанияси, БМТ Тараққиёт дастури (ПРООН) ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида, Coca-Cola компаниясининг кўмагида амалга оширилаётган WESP — Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида мазкур халқаро кўргазмада қатнашди.

WorldFood Istanbul — дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан ишлаб чиқарувчилар ва соҳа мутахассисларини жамлайдиган етакчи тадбирлардан бири бўлиб, иштирокчилар учун халқаро бозорга чиқиш ва истиқболли ҳамкорлар топишда муҳим майдон ҳисобланади.

Ўзбекистон делегацияси таркибидаги аёллар мамлакатнинг турли ҳудудларида нон ва ширинликлар ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, балиқ етиштириш ва умумий овқатланиш каби соҳаларда фаолият юритади. Улар ушбу кўргазмада илк бор иштирок этиб, халқаро озиқ-овқат бозоридаги тенденциялар, маҳсулот қўллаш ва илғор маркетинг ёндашувлари билан танишиш имконига эга бўлди.

Шунингдек, делегация аъзолари Coca-Cola İçecek (CCI) компаниясининг Чорлу шаҳридаги заводига ташриф буюриб, у ерда барқарор ишлаб чиқариш, сифат назорати, кадрлар тайёрлаш ва ресурсларни тежашга қаратилган амалиётлар билан танишишди. Заводнинг 2020 йилда “Zero Waste” сертификатига эришгани ва 2023 йилда шамол турбинаси орқали қайта тикланувчи энергия манбасини жорий этгани ҳам иштирокчилар учун катта қизиқиш уйғотди.

Бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган CCI 12 мамлакатда фаолият юритади ва Ўзбекистонда тўртта завод - Урганч, Самарқанд, Тошкент ва Наманганда яқинда модернизация қилинган заводларига эга. Компания 2015 йилдан буён БМТнинг Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш тамойиллари (WEPs) имзоловчиси ҳисобланади. 2023 йилда CCI ўз фаолият юритаётган барча мамлакатларда тенг иш ҳақи тўлаш бўйича мажбурий сертификатлашни жорий этди ва CCI Ўзбекистон мамлакатимиздаги ушбу сертификатни олган биринчи компания бўлди. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистонда аёллар учун янада кенг қамровли ва хавфсиз иш муҳитини яратишга кўмаклашувчи CCI Women’s Network ташкил этилди.

Ташрифнинг яна бир аҳамиятли қисми — Coca-Cola фонди қўллаб-қувватлаётган «My Sister Project» дастури иштирокчилари билан учрашув бўлди. Туркиялик тадбиркор аёллар билан тажриба алмашиш, жамиятда аёллар ролини ошириш ва бизнесни кенгайтириш бўйича фойдали мулоқотлар олиб борилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консулхонасининг биринчи котиби Суннатилла Исомов ҳам иштирок этди.

Coca-Cola компаниясининг Евросиё ва Яқин Шарқ минтақасида барқарор ривожланиш бўйича катта директори Бегум Ёнтар ўзбек аёлларининг кучи уларни қойил қолдирганини таъкидлади:

Coca-Cola компанияси кўп йиллардан буён бутун дунё бўйлаб аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Туркия ва Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича тажрибамизни ўзбекистонлик тадбиркор аёллар билан баҳам кўриш биз учун шараф бўлди. Учрашувдаги самимий ва илҳомлантирувчи мулоқот бизни Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан кам руҳлантирмади. Бу аёлларнинг кучига қойил қоламиз - уларнинг ҳар бири нафақат муваффақиятли тадбиркор, иш ўринлари яратувчи, балки меҳрибон она, ғамхўр рафиқа, фаол фуқародир. Аммо энг қимматлиси - бу уларнинг бирдамлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучидир, буни биз учрашув давомида ҳис қилдик”, - деди у.

Мавзуга оид