Ўзбекистон | 12:23 / 17.04.2020
7211
4 дақиқада ўқилади

Профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабулни ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланади

Профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим муассасаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таҳсил оладиган ўқувчиларни қабул қилиш квоталарини тасдиқлаш учун таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Профессионал таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда ҳамда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 15 январга қадар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари асосида маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжларига, ўқувчиларнинг қизиқишлари ҳамда иш берувчиларнинг буюртмаларига асосан Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторига мувофиқ ўқувчиларни қабул қилиш квоталари бўйича таклифларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади;

тизимида коллежлар, олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумлар бўлган вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда ҳамда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 15 январга қадар ўз эҳтиёжлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмалари доирасида давлат грантлари асосида профессионал таълим муассасаларининг қабул квоталарини касблар ва мутахассисликлар кесимида Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этади;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳудудлар кесимида, профессионал таълим муассасалари, касблар ва мутахассисликлар доирасида давлат грантлари бўйича қабул квоталарини таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

профессионал таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқувчилар қабул қилинадиган касблар ва мутахассисликлар рўйхати мазкур муассасаларнинг ўқувчи ўрни ва зарурий моддий-техник базасидан келиб чиқиб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тизимида коллежлар, олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумлар бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда профессионал таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилишни ташкил қилиш бўйича дастурий таъминотни 2020 йилда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан яратиш чораларини кўради;

2021 йил 1 январга қадар олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларни битирган ўқувчиларни тамомлаган мутахассислиги бўйича тегишли олий таълим муассасасига суҳбат асосида қабул қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини киритади;

Ҳар йили 10 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда йирик иш берувчи муассасаларнинг асосланган таклифлари асосида Профессионал таълимнинг йўналишлари, касблари ва мутахассисликлари классификаторини қайта кўриб чиқади ҳамда зарур ҳолларда белгиланган тартибда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.

Молия вазирлиги 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари асосида белгиланган қабул квоталари ва кам таъминланган оилалардан ўқувчиларни бепул асосда таълим олишларини ҳисобга олган ҳолда давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид