23:23 / 13.05.2022
23634

Халқ таълими: Янги 5 йиллик ислоҳотлар режаси

Халқ таълими соҳасида кейинги беш йилда 1,9 миллионта ўқувчи ўрни яратиш, таълимда замонавий методикаларга ўтиш, битирувчилар аттестациясини ДТМга ўтказиш, ўқитувчилар савиясига талабларни кучайтириш, мактабларга қисман молиявий ва академик мустақиллик бериш, мактабларни аккредитациялаш, директорларни сертификациялаш, болаларни касбга йўналтириш ва бошқа ўзгаришлар кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

12 май куни президент Шавкат Мирзиёев “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида” фармон  ва “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

2026 йилгача 1,9 миллионта ўқувчи ўрни яратиш мўлжалланмоқда

2022-2026 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳисобига 1,2 миллион ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратиш вазифаси қўйилди.

Худди шу йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида умумий ўрта таълимда яна 700 минг ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратилиши белгиланди.

Мактабларга интернет, компютерлар ва устахоналар

2022 йил 1 сентябрга қадар 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компютер синфларини янгилаш бўйича дастур Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланади.

Мактабларни юқори тезликдаги интернетга улаш учун зарур маблағларни ажратиш вазифаси ҳокимларга юклатилди.

2022 йил 1 августга қадар умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналари ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналарининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Бу хоналарни босқичма-босқич ташкил этиш ва жиҳозлашга ҳокимлар масъул бўлади.

11-синфлардан якуний аттестацияни ДТМ олади

2024 йилдан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари битирувчилари учун якуний давлат аттестациясини Давлат тест маркази томонидан имтиҳонлар шаклида ўтказиш йўлга қўйилади.

Президентнинг бу борадаги қарори лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига 2022 йил 1 сентябргача киритилиши зарур.

Мактаб биноларини сотиб юбориш тақиқланди

Қарор билан, Халқ таълими вазирлигининг таълим беришга мўлжалланган бинолари ва иншоотларини таълим соҳасидан ташқари бошқа мақсадлар учун юридик ва жисмоний шахсларга бериш тақиқланди.

ХТВнинг таълим беришга мўлжалланган, бўш турган бино-иншоотларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга бериш улар жойлашган ҳудуднинг камида 5 йиллик демографик кўрсаткичларини инобатга олиб, халқ таълими вазирининг розилигини олган ҳолда амалга оширилади.

Педагоглар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари (Педагогика марказлари) ташкил этилди.

А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Тошкент давлат педагогика университети педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Педагог кадрларни компетенцияларга асосланган ва касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган методикалар бўйича ўқитиш амалиёти жорий қилинадиган бўлди. Бу замонавий методикаларни жорий қилишда:

— 2022 йил 1 сентябрга қадар Педагогика марказларига аниқ ва табиий фанлар бўйича малакали хорижий мутахассислар жалб қилинади;

—  2022 йил 1 июлга қадар Педагогика марказлари ҳузурида хорижий мутахассислар, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳамда Педагогика марказларининг малакали ходимларидан иборат бўлган тренерлар гуруҳлари шакллантирилади;

—  2022 йил якунига қадар тренерлар гуруҳлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда камида 20 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларида педагоглар учун замонавий методикаларга асосланган сайёр ўқув машғулот ва семинар-тренинглар ўтказилади;

— педагог кадрларнинг малакасини оширишга бевосита жалб қилинган тренерларга уларнинг иш фаолияти натижасига қараб, ойлик иш ҳақига 100 фоизгача миқдорда қўшимча устама ҳақ тўлаб борилади;

—  2022 йил якунига қадар мактаб ўқитувчилари учун “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасида педагогик фаолиятдан ажралмаган ҳолда амалга ошириладиган қўшимча индивидуал малака ошириш курслари жорий этилади;

— замонавий методикаларга асосланган таълим дастурлари ва дарсликларни харид қилиш ҳамда умумий ўрта таълим тизимига жорий қилиш чоралари кўрилади;

— 2022 йил 1 августга қадар малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ТДПУ ҳамда Педагогика марказларининг ўқув-режалари ва дастурлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштирилади;

— 2023 йил 1 сентябрга қадар Республика таълим маркази ҳамда Тошкент давлат педагогика университети билан биргаликда таълим жараёнини Миллий ўқув дастури асосида ташкил этишга қаратилган методикалар ишлаб чиқилади; ушбу методикалар умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, педагогика йўналишидаги профессионал ва олий таълим муассасалари ҳамда Педагогика марказларида жорий қилинади;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ТДПУнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида (дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабда амалиёт ўташ тартибида) олиб борилади;

— ТДПУ талабаларининг амалиётлари умумий ўрта таълим муассасалари билан бирга Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳам ташкил этилади;

— ТДПУда ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартиби йўлга қўйилади.

Ўқитувчиларнинг билим даражасини баҳолашнинг янги тизими

2023 йил 1 августга қадар, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда, педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

2024 йил 1 январга қадар бу баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши сертификациядан ўтказилади.

Ўқитувчиларга янги устамалар

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, ХТВ тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:

а) умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:

  • халқаро тан олинган сертификатга эга педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида. Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
  • халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланмаган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);

б) халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланмаган ДТМнинг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:

  • 2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • 2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади;

в) ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади;

г) умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.

2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарорга мувофиқ чет тили фани ўқитувчиларига 30 ва 15 фоиз миқдорида устама олиш ҳуқуқини берадиган маълумотномалар бериш амалиёти тугатилди.

Маълумотнома олган ўқитувчиларнинг устамалари, ушбу маълумотномалар амал қилиш муддати давомида сақлаб қолинади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб ХТВ тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва “Болалар кутубхоналари” ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилади.

Мактабга ишга кириш учун ариза онлайн берилади

2022 йил 1 сентябрга қадар фан ўқитувчиси ва мактаб директори лавозимлари учун танловда иштирок этишга онлайн ариза топшириш ва номзод ҳақида маълумотларни жойлаштириш имконини берадиган махсус электрон портал яратилади.

Махсус электрон порталда амалдаги ҳамда истиқболда кадрларга бўлган эҳтиёж, шунингдек, вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни умумий ўрта таълим муассасалари ва фанлар кесимида жойлаштириш орқали миллий кадрлар захираси шакллантирилади.

Қисман академик эркинлик

Давлат умумий ўрта таълим муассасаларига Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш, шу жумладан, давлат таълим стандартлари доирасида ўқув дастурларига ўзгартириш киритиш ҳамда дарсликларни танлашга (она тили, адабиёт, тарих, тарбия ва ҳуқуқ фанларидан ташқари) рухсат этилди.

Бир ой муддатда давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш тартиби ХТВ томонидан тасдиқланади. Икки ой муддатда халқаро тан олинган таълим дастурлари рўйхати шакллантирилиб, ХТВ расмий сайтига жойланади.

Вазирлик ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилишга кўмаклашади, шу жумладан, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар билан музокаралар олиб бориб, дастурларни сотиб олиш ва амалиётга татбиқ этиш учун зарур маблағларни ажратади.

Халқ таълими вазирлигидан ташқари бошқа вазирлик ва идораларга умумий ўрта таълимнинг ўқув-режалари ва дастурларига ўзгартириш киритиш ва мактабларда янги фан жорий қилишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш тақиқланди.

Вазирлар Маҳкамасига вазирлик ва идоралар томонидан мазкур бандда назарда тутилган тақиққа амал қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Қисман молиявий эркинлик

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
  • 2025 йил 1 январга қадар халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади;
  • қўшимча хизмат кўрсатишдан тушган бюджетдан ташқари маблағларни яширган, шунингдек, ходимларга норасмий иш ҳақи тўлаган халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Юқори кўрсаткичларга эришган педагогларни қўшимча рағбатлантириш ва малакали ходимлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилади.

2022 йилда жамғармага давлат бюджетидан 300 миллиард сўм ажратилади.

Дарсликлар ва Миллий ўқув дастури

Фармонга асосан, 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилиши лозим. Шу жумладан, 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7– ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9– ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалар яратилиши зарур.

Махсус электрон тизимлар (S-testing, Onlineedu, Raqamli darsliklar ва бошқалар) орқали:

  • 2022 йил якунига қадар янги авлод дарсликлари учун 10 та мобил электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотлари яратилади;
  • 2022 йил 1 сентябрга қадар 3-, 6-, 7– ва 10-синф ўқитувчилари Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитилади.

Мактаб директорлари сертификат олиши талаб қилинади

2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиёти йўлга қўйилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади;
  • ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади;
  • мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади;
  • мактаб директорини иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимдан озод этиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишиш талаб этилмайди.

Мактаблар ҳам аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтади

2023 йил 1 январдан бошлаб, умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади. Бунда, умумий ўрта таълим ташкилотлари муддатдан олдин аттестация ва давлат аккредитациясидан шартнома асосида ўтиши мумкин.

Умумий ўрта таълим ташкилотлари қуйидаги тартибда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади:

  • фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари – амалдаги аккредитация сертификатининг муддати тугаганидан сўнг 11 йил муддатга;
  • янги ташкил этиладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари – улар ташкил этилган пайтдан бошлаб (белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб11 йил муддатга.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги жорий этилади. Бунда:

  • мониторинг натижаларига кўра таълим сифатида пасайиш кузатилган давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолияти алоҳида режага мувофиқ жойига чиққан ҳолда ўрганилади;
  • жойига чиқиб ўрганиш натижаси бўйича давлат умумий ўрта таълим ташкилоти учун фаолият самарадорлигини яхшилаш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилади;
  • “йўл харита”сида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилиши учун умумий ўрта таълим муассасасига туман (шаҳар) ҳокимликлари ва халқ таълими бўлимлари кўмак кўрсатади.

Узлуксиз уч йил давомида фаолият самарадорлиги даражаси юқори бўлган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида текширувлар ташкил этишга 3 йил муддатга мораторий жорий қилинади (потенциал коррупциоген ҳолатлар бундан мустасно).

Мактабларнинг ички тартиб-қоидалари янгиланади

2022 йил 1 августга қадар умумий ўрта таълим муассасасидаги ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари қайта кўриб чиқилади ва уларда мактаб ва ота-онанинг бола тарбиясидаги ўрни ва масъулиятини, уларнинг таълим ва тарбия жараёнидаги иштироки ҳамда мажбуриятлари белгиланади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, мактаб ўқувчилари ота-оналари “my.maktab.uz” ахборот тизими орқали умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари билан таништириб борилади.

Бир ой муддатда Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси тасдиқланади.

Болаларни касбга йўналтириш бошланғич синфлардан бошланади

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, бошланғич синф ўқувчиларига ўқув режага киритилган фанлар доирасида меҳнат бозорида мавжуд бўлган турли касблар тўғрисида тушунчалар бериб борилади.

Касб эгаларининг меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида 5-7-синф ўқувчилари учун турли учрашув ва сайёр дарслар ташкил этилади.

7-9-синф ўқувчиларининг касбга мойиллигини аниқлаш бўйича ташхислар ўтказиб борилади ҳамда натижаларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик марказлари ва бошқа ташкилотларга экскурсиялар ташкил қилинади.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ўсиш нуқталарига мувофиқ мактаб ўқувчилари учун устувор касблар белгиланади ҳамда 10– ва 11-синф ўқувчиларини ушбу касбларга, шу жумладан, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, қисқа муддатли курслар очилган таълим муассасаларида ўқитиш чоралари кўрилади.

Намунали мактаблар рейтинги юритилади

Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва бу борада мактаб директори, ота-оналар ва маҳалла раислари масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида намунали мактаблар рейтинги шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.

Рейтинг доирасида ҳар ўқув йили якунида умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолати Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган мезонлар бўйича баҳолаб борилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш ва рейтингни юритиш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқлари раҳбарлигида махсус комиссиялар тузилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтинг кўрсаткичлари асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;

Рейтинг кўрсаткичлари асосида “қизил” тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб рейтингда “қизил” тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида:

  • зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари, машҳур санъаткор, спортчи ва актёрлар, таниқли блогерларни жалб қилган ҳолда мактаб ўқувчилари билан учрашувлар, мотивацион суҳбатлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади;
  • мактаб ўқувчилари учун “Ватанпарварлик” дарслари ва полигонларда 2 кунлик ҳарбий дала машғулотлари ўтказилади ҳамда уларни чавандозлар мактабларига жалб қилиш чоралари кўрилади; ҳарбий қисм офицерлари, сержантлари ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил қилинади;
  • ўқувчиларнинг меъморий ва тарихий обидалар, маданият муассасалари ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ташрифи уюштирилади;
  • ўқувчиларнинг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиқиб спорт мусобақалари, концерт томошалари ва санъат асарлари кўргазмалари ўтказилади;
  • буюк аждодларимизнинг илмий ва маданий мероси, уларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳамда жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга қўшган ҳиссаларига оид тарғибот ишларини олиб борсин, улуғ алломаларнинг туғилган саналарига бағишланган илмий ҳафталиклар, семинар ва анжуманлар ташкил этилади;
  • ҳаётий мисоллар асосида ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти ва масъулияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилади, уларни қизиқтирган ва хавотирга солаётган масалалар бўйича очиқ мулоқотлар ҳамда ўқув-семинарларни ташкил этилади.

Ҳар чоракда намунали ўқувчиларнинг ота-оналарини рағбатлантириш, уларга “миннатдорчилик хати”ни топшириш ва совғалар тақдим этиш, шунингдек, фаолиятини ОАВда ёритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Мактаблар таъминоти – ҳокимлар елкасида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига қуйидагилар юкланди:

  • ҳудудий дастурларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш;
  • ҳар чоракда ҳудудий дастурда белгиланган вазифалар ижросини ҳудудий кенгаш сессияларида муҳокама этиб бориш ҳамда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгашга бу ҳақда ахборот киритилишини таъминлаш;
  • ҳудуддаги халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш;
  • халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;
  • халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;
  • туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;
  • умумий ўрта таълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш;
  • халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;
  • умумий ўрта таълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш;
  • халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;
  • ўқитувчи касби мақоми ва обрўсини ошириш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслик ва фаолиятига аралашмаслик;
  • ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини ва миллий қадриятларни сингдириш, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-одатлар, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганишлари учун шароитларни яратишда сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотларни кенг жалб этиш;
  • соҳа ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагогларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги шахсий ҳиссаси, ўқувчиларни ҳар томонлама етук авлод этиб тарбиялашдаги масъулиятларини ҳис этишлари учун тарғибот ва тушунтиришлар олиб бориш;
  • раҳбар ва педагог кадрлар томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, соҳада жорий қилинаётган янгиликларни янада кенгроқ тарғиб этилиши, ўқувчиларнинг касбий ва шахсий ривожланишлари учун керакли бўлган маълумотларни олишлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг билими ва тафаккурини ошириш мақсадида халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш.
Top