Ўзбекистон | 10:00 / 03.02.2023
14025
3 дақиқада ўқилади

“Москвадаги ўзгаришлардан кейин Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнлар тезлашади” – Cиёсатшунос 

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Kun.uz’га берган интервьюсида урушдан кейинги Евросиё картинаси қандай бўлиши ва унга Марказий Осиё давлатлари қандай тайёргарлик кўриши кераклиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Аввало уруш тугашини кутишимиз керак. Ишонаманки, уруш Украина ғалабаси билан тугайди. Ташқи дунё ҳам Украинага ёрдам беряпти, уларда ғалабадан бошқа йўл ҳам йўқ. Бу урушда постсовет ҳудуди мустақиллиги масаласи ҳал бўляпти. Дунёдаги ҳуқуқий тартибот дейиш мумкин.

Тўғри, коллектив ғарбнинг ҳам бугунгача қилган кўплаб хатолари бор. Дейлик, Афғонистон ва бошқа жойлардаги масалалар, лекин у ерлардаги вазият ҳам жуда мураккаб, аслида. Бизнинг жамоатчилик ҳамма нарсани содда ҳолатда кўришни истайди, аммо вазият анча мураккаб.

Ўйлашимча, Россияда ҳокимият ўзгаришига кўп вақт қолмади. Бу яқин йиллар қоляпти. Аммо ғарбнинг баъзи экспертлари айтадики, Путинни Кремлда сақлаган ҳолда Россияни консервация қилиш, яъни ичкаридан ижтимоий, иқтисодий, сиёсий инқирозни чуқурлаштириш ва шу орқали Россия давлатчилигини мажруҳлантириш керак.

Бунгача Россия кучи ҳақида дунёнинг иккинчи қудратли армияси деган қараш бор эди, аммо бугун ундай эмас. Ҳамма билдики, Россия салоҳияти ундай эмас, аслида. Фақатгина синалмаган ядровий уруш омили қоляпти, холос. Ядровий уруш глобал урушга айланиб кетади. Лекин қолган одатий урушлар кўринишида Россия Украинани енга олмади. Глобаллашган дунёда уруш қиммат, оғир ва мураккаб жараён.

Айтмоқчиманки, расмий Москвадаги ўзгаришдан сўнг Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнлар тезлашади, тезлашиши керак. Бугунги кунда ҳам жараён кетяпти, лекин барибир беш республика ўртасида Россия тўсиқ бўлиб турибди. Яна бир нарсани айтиб ўтиш керак: интеграцияга Россия тўсиқ бўляпти, тўғри. Лекин тарихдаги Европа иттифоқидаги интеграция бошланишига Иккинчи жаҳон урушидаги миллатчилик асорати сабаб бўлган. Интеграцияга, яқинлашувга мажбур қилувчи яна бир омил бу ташқи омил босими. Бугун бизда ўша омил — Россия. Масалан, биринчи маъмуриятлар даврида Ўзбекистон ва Қозоғистон рақобатчи бўлди. Лекин ҳозир тушунилдики, бирлашув бўлмаса, Россия бу давлатларни ўз домига тортиб кетиш эҳтимоли бор”, – деди Камолиддин Раббимов.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид