Жаҳон | 19:32
783
4 дақиқада ўқилади

Швейцария Марказий Осиё учун 200 млн долларлик дастурни ишга туширди 

Швейцария келгуси 4 йилга мўлжалланган минтақавий лойиҳаларга старт берди ва дастур ушбу давлат бюджетидан қопланади. Kun.uz билан гаплашган элчи Константин Оболенскийга кўра, бу беминнат ёрдам ҳамда эвазига Швейцария минтақадан ҳеч нима кутмайди.

Элчи Константин Оболенскийга кўра, бу Швейцариянинг минтақадаги барқарорликнинг ривожланиши, иқтисодий ўсишини қўллашини исботламоқда. 

Маълум бўлишича, дастур иккита асосий йўналиш асосида қурилган. Биринчиси сув ва энергия. “Blue Peace Central Asia” лойиҳаси орқали сув ресурсларини бошқаришда ҳамкорлик назарда тутилган. 

Яна бир энг муҳим нуқта эса – иқлим ўзгариши, Швейцария лойиҳасида шаҳарсозликни назоратга олиш орқали иқлим ўзгаришига қарши кураш таклиф қилинмоқда. 

Тоза энергия, энергия самарадорлиги ва минтақавий энергия савдосини ривожлантириш ҳам биринчи йўналиш қисмига киради.

 -Дастурни қандай амалга оширасиз ва бошқалардан, масалан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун лойиҳаларидан сизники қандай фарқ қилади?

Биз аслида 1990 йилларда, Швейцария мустақил Ўзбекистонни тан олганидан кўп ўтмай иш бошлаганмиз. Биз бу ерда элчихона очдик ва Ўзбекистон билан ривожланиш соҳасида ҳамкорликни бошладик. Ишончим комил, бу Швейцариянинг кучли томонларидан бири эди. Шунингдек, Швейцариянинг яширин ҳеч қандай мақсади йўқ. Яъни биз буни Ўзбекистон билан савдо алоқаларини яхшилаш ёки шунга ўхшаш мақсадларда қилмаймиз. Асосий хоҳишимиз – дунёни янада хавфсизроқ қилиш. Швейцария аслида шуни хоҳлайди ва бу Ўзбекистонда ҳам кўзлаётган мақсадимиз ҳисобланади”, - дейди Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Лойиҳанинг иккинчи йўналиши барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаш хусусида. Яъни бу йўналишда иш ўринларини яратиш, ўқитиш, ёш тадбиркорларга ёрдам бериш, шаффоф ва нормал қоидаларга асосланган иқтисодий ўзгаришларни қўллаш, инновацияларга пул тикиш назарда тутилган. 

-Бу дастур қандай молиялаштирилади?

Бу шунчаки ёрдам эмас, бу кредитлар ҳам эмас. Бу сармоя қилинаётган Швейцария солиқ тўловчиларининг пулларидир”.

-Мамлакатингиз бюджетиданми?

“Айнан мамлакатимиз бюджетидан. Ва биз жуда катта суммалар ҳақида гапирмаяпмиз. Албатта, бу ҳам катта пул. Умумий ҳисобда бу тўрт йил давомида минтақа учун тахминан 200 миллион долларни ташкил этади. Лекин энг муҳими, биз Швейцариядан кўплаб ноу-хау олиб келишга ҳаракат қиламиз, шунда, юқорида айтганимдек, Ўзбекистон ва унинг қўшни мамлакатлари халқи манфаати йўлида ушбу мақсадларга эриша оламиз” – Константин Оболенский, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Марказий Осиё учун дастурнинг тепасида Швейцария ҳукумати ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги турибди. 

Бу ёрдам 50 йилдан бери Швейцария халқи томонидан халқаро ривожланиш, тинчлик ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш учун қабул қилинган конституциявий мандатимизнинг бир қисмига киради. Бу мандатимиздан фойдаланган ҳолда ҳар 4 йилда бир марта стратегия қабул қиламиз. Бу йилгисида мақсадимиз 4 та: тинчлик ва яхши бошқарув, инсон тараққиёти, иқлим ва атроф-муҳит ҳамда барқарор иқтисодий ривожланиш. Халқаро ҳамкорлик учун 40 та давлат рўйхатини тузганмиз, улар ичида Марказий Осиё ҳам бор. Айниқса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон. Бизнинг асосий эътиборимиз сув ва энергетикага қаратилган”, - дейди элчихонанинг ҳамкорлик бўйича гуруҳ раҳбари Эндрин Финк. 

Дастур икки йўналиш билан чекланмайди, бошқарув, инсон ҳуқуқлари ҳамда фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуслар билан параллел олиб борилади. 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистоннинг Швейцария билан савдо айланмаси 84 фоизга ошиб, 600 миллион долларга етган.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид