Жаҳон | 15:18 / 24.12.2021
46904
13 дақиқада ўқилади

Россия Украина чегарасида қўшин тўплашда давом этаётгани айтилмоқда. Уруш барибир бўладими?

Ғарб ва Украина разведка хизматларининг маълумотларига кўра, Путин Россия армияси ва мамлакат хавфсизлик хизмати кучларини ҳаракатланиш энг қулай бўлган нуқталарга жойлаштирмоқда. Янги уруш 2022 йилнинг бошида бошланиши мумкинлиги айтилмоқда. Аммо бир қанча омиллар очиқ ҳарбий ҳаракатлар бошланишини инкор этади.

Bloomberg агентлиги ҳарбий-разведка соҳасидаги Janes компаниясининг сунъий йўлдошдан олинган суратларига асосланиб хабар қилишича, Россия Украина билан чегарага ҳарбий техника ва аскарларини силжитишда давом этмоқда.

Унга кўра, ноябрь ойидан буён чегара ҳудудига яна танклар, артиллерия қурилмалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари олиб келинган. Janes вакилларининг сўзларига кўра, чегарадаги ҳарбийлар сони чекланган бўлишига қарамай, Россия йирик бўлинмаларни поездлар ва самолётларда юбориб, тез фурсатда бу кучлар миқдорини ошириши мумкин бўлади.

Украина ҳарбийлари маълумотларига кўра, Москва Украина чегарасига 200 километр масофада 122 минг ҳарбий хизматчисини жойлаштириб бўлган.

Украинанинг жойлашуви

Украина ҳам, Европа Иттифоқи ҳам Россия билан бевосита чегарадош. Собиқ совет республикаси сифатида Россия билан чуқур ижтимоий ва маданий алоқаларга эга, мамлакатда рус тилида сўзлашувчи аҳоли қатлами салмоқли ўринни эгаллайди. Тарихга назар солсак, Украина аслида Россиянинг она ватани бўлиб, илк рус давлатчилиги ва славян халқларининг православ мазҳабига киришлари айнан шу ҳудуддан бошланади.

Кейинчалик ҳудудлар кенгайиши ва босқинчилик урушлари натижасида аслида бир илдизга эга бўлган икки миллат шаклланади. Украина географик жиҳатдан икки цивилизация кесишмасида жойлашгани (яъни Ғарбий Украина католик цивилизацияси, Шарқий Украина эса православ маданияти остида) мамлакатнинг иккига бўлиниб кетишига ва Россиянинг доимий равишда Шарқий Украинага даъво қилишига сабаб бўлмоқда.

Россия-Украина муносабатлари кескинлашуви

Украинада 2014 йилнинг 22 февралида руспараст президент Виктор Янукович ҳокимияти ағдарилади. Вазиятдан фойдаланган Россия Украинада тузилган янги муваққат ҳукуматни ноқонуний деб топади ва Қрим яриморолидаги рус аҳолиси ҳамда Россияга тегишли бўлган ҳарбий базаларни Украинадаги вазият изига тушгунча ҳимоя қилиш баҳонасида мамлакат ҳудудига қўшин киритади. Шунингдек, руслар ва руспараст айирмачилар устун бўлган Донбассда (Донецк ва Луганск) бир томонлама мустақиллик эълон қилингандан сўнг айирмачилар ва Украина армияси ўртасида 2014 йилдан бери тўқнашувлар давом этмоқда.

Шунингдек, Россия узоқ вақтдан бери Украинанинг Европа институтлари томон ҳаракатланишига қаршилик қилиб келади. Эндиликда Москва ўз қўшнисидан Ғарб мамлакатлари ҳарбий иттифоқи бўлмиш НАТОга қўшилмаслик кафолатини талаб қилмоқда.

Паул Кирбининг BBC'да эълон қилинган мақоласида сўнгги пайтларда Россия-Украина муносабатларида содир бўлаётган асосий ўзгаришлар келтириб ўтилган.

Россия босқинчилигининг хавфи қай даражада?

Украина расмийларига кўра, Россия айирмачилар назорати остидаги ҳудудларга танклар, артиллерия ва снайперлар юборган. Аммо бу энг хавотирли жиҳат эмас. Икки давлат чегарасида жойлашган Россия қўшинларининг тобора ортиб бораётгани энг кўп ташвишли ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Ғарб разведка хизматлари маълумотларига кўра, уларнинг сони тахминан 100 мингга етади.

Россия президенти Владимир Путин ҳеч қандай таҳдид мавжуд эмаслиги, аммо Ғарбнинг агрессив ёндашуви давом этса, «ҳарбий-техник чоралар» билан тегишли жавоб қайтарилишини маълум қилган.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков эса айни пайтдаги кескинлик АҚШ ва совет иттифоқини ядровий тўқнашувга яқинлаштирган 1962 йилдаги Куба инқирозига ўхшаш ҳолатга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ғарб ва Украина разведка хизматларининг фикрича, янги босқинчилик уруши 2022 йилнинг бошида содир бўлиши мумкин. «2022 йилнинг январь ойи охирида эскалацияга тайёр бўлиш шарт», деган Украина мудофаа вазири Олексий Резников.

АҚШ разведкаси январь ойидаёқ чегарадаги рус ҳарбийларининг миқдори 175 мингга етиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнснинг фикрича, Путин Россия армияси ва мамлакат хавфсизлик хизмати кучларини ҳаракатланиш энг қулай бўлган нуқталарга жойлаштирмоқда.

Россия томони нима дейди?

Россия дастлаб Қрим ва мамлакат шарқидан унчалик узоқ бўлмаган ҳудудда Украина қўшинлари тўплана бошлаганини кўрсатувчи сунъий йўлдош суратларини хавотирли деб баҳолаганди. Кейинчалик мамлакат қуролли кучлари раҳбари Валерий Герасимов ОАВда Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги маълумотларни тўлиқ инкор қилиб чиқди.

Бироқ озгина вақтдан сўнг президент Путин «адекват ҳарбий-техник жавоб чораларини кўриш ва дўстона бўлмаган қадамларга нисбатан худди шундай қаттиқ муносабат билдириш» билан таҳдид қилди.

Москва Украинани шарқда армиясининг тенг ярмини (125 минг киши) жойлаштирганликда айблаб, Киев Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачилар назоратидаги ҳудудларга ҳужум қилишни режалаштираётганини даъво қилмоқда. Украина ҳукумати эса бу айбловни Россиянинг ўз режаларини яшириш учун билдирилган «ташвиқот сафсаталари»дан бошқа нарса эмас деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Россия, НАТО давлатларини Украинани қурол билан «шишираётганлик»да айбламоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский 6 декабрь куни фронт чизиғига келди / EPA

Ўз навбатида, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар учун асос бўлиши мумкин бўлган «даъвоси» ҳам мавжуд.

Россия Федерация кенгаши халқаро алоқалар қўмитасининг иккинчи рақамли вакили Владимир Жабаров декабрь ойи бошида айирмачилар назоратидаги ҳудудларда 500 мингга яқин украиналик Россия паспортига эгалиги, агар улар Россиядан ёрдам сўраган тақдирда Россия ўз фуқароларини оғир вазиятга ташлаб қўя олмаслиги ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Россия нима хоҳлайди?

Путин Ғарбни икки ўртадаги «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда. Хўш, бу қизил чизиқлар деганда Россия президенти нималарни назарда тутади?

Путиннинг талабларидан бири – НАТОнинг Украина ва Грузияни ўз ичига олган шарқда кенгайиш режаларини тўхтатишдир.

Бундан ташқари, Россия НАТОнинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятидан воз кечишини истайди. Бу НАТО жанговар бўлинмаларини Польша ва Болтиқбўйи республикалари: Эстония, Латвия ва Литвадан олиб чиқиб кетилиши, Польша ва Руминия каби мамлакатларда ракеталар жойлаштирмаслигини англатади.

Қисқача айтганда, Путин НАТОнинг 1997 йилдан олдинги чегараларига қайтишини истайди. Унинг таъкидлашича, Россия қон тўкилишининг олдини олиш ва дипломатик йўл топишни мақсад қилган, бироқ бунинг учун бир қанча талаблар бажарилиши керак.

Россия Украина шарқидаги Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган кучларга қарши Украинанинг турк дронларидан фойдалана бошлагани ва Ғарбнинг Қора денгиздаги ҳарбий машғулотларидан жиддий хавотирда. АҚШнинг Киевга ҳарбий ёрдамини Путин «уйимиз остонасида» амалга оширилаётган таҳдид деб баҳолаган.

2021 йилнинг июлида Россия раҳбари ўз ҳисоботида руслар ва украинларни «бир миллат» деб эътироф этган ва Украинанинг амалдаги раҳбарларини «Россияга қарши лойиҳа»ни амалга ошираётган шахс дея таърифлаганди.

Шунингдек, Россия 2015 йилда имзоланган ва Украина шарқидаги можарони тўхтатишга қаратилган Минск тинчлик келишуви амалга ошмай қолганидан ҳам норозилигини билдирган.

Россия учун Қрим яримороли қандай аҳамиятга эга?

Россиянинг Қримни ўзига қўшиб олиши келажакда шунга ўхшаш танловлар масалан, Болтиқбўйи давлатларида этник русларни «озод қилиш» учун қўшин юборишини баҳолаш учун жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Натижада Россия Ғарб унга нисбатан қандай чоралар кўриши мумкинлигини билиб олди.

Қримнинг босиб олиниши НАТОнинг Россия ғарбий чегараси бўйлаб янада кенгайиш хавфини камайтиради. Бундан ташқари, яриморолнинг босиб олиниши Россиянинг совет иттифоқининг собиқ ҳудудларини аста-секин қайтариб олиш бўйича лойиҳасининг бир қисми сифатида баҳоланади. Путин совуқ уруш тугаганидан кейин Россия обрўси тушишини ҳеч қачон қабул қилмаган. Шунингдек, Россиянинг Қора денгиздаги ҳарбий базалари учун Севастопол жуда муҳим ҳисобланади.

НАТО Украинага қандай ёрдам бермоқда?

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина масаласида ҳар қандай ҳарбий ёрдам берилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Буюк Британия Украинага иккита ҳарбий-денгиз базаси қуришда ёрдам бермоқчи. Бу Қора денгиздаги Очакив ва Азов денгизидаги Бердянск ҳарбий-денгиз базалари ҳисобланади. АҚШнинг танкка қарши Жавелин ракеталари ҳам Украинага юборилган, Қўшма Штатлар Соҳил хавфсизлик хизматининг иккита патруль катери ҳам Украина денгиз флотига тақдим қилинган.

Россия Украинанинг НАТОга қўшилишига йўл қўймаслик учун қаттиқ курашаётган бўлса-да, Украина президенти Владимир Зеленский альянсдан аъзолик учун аниқ вақт жадвалини сўрамоқда.

«Украинанинг ўзи ва НАТОнинг қолган 30 та иттифоқчиси мамлакат қачон альянсга қўшилиши мумкинлигини ҳал қилади. Россия вето ҳуқуқига эга эмас ва бу жараёнга аралашишга умуман ҳаққи йўқ», дея муносабат билдирган Столтенберг.

Ғарб Украинани қай даражада қўллаб-қувватлаши мумкин?

АҚШ Украинага «суверен ҳудудини» ҳимоя қилишда ҳар қандай кўринишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирмоқда. Аввалроқ, Жо Байден агар Украинага ҳужум қилинса, «мисли кўрилмаган» чораларни қўллаш ҳақида гапирганди.

Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаши кўпроқ Россияга ўта оғир молиявий санкциялар жорий этиш ва мамлакат армиясини қурол-яроғлар билан таъминлашдан иборат бўлиши мумкин.

Иқтисодий чораларнинг энг оғири Россия банк тизимини халқаро SWIFT тўлов тизимидан узиб қўйиш таҳдиди ҳисобланади. Бу ҳар доим энг охирги чора сифатида кўриб келинган.

SWIFT – банклараро маълумот алмашиш ва тўловларни амалга ошириш тизими бўлиб, унга дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги 11 мингдан ортиқ йирик ташкилот уланган.

Яна бир асосий таҳдид «Шимолий оқим-2» газ қувурининг Германияда очилишига йўл қўймаслик бўлиб, Германиянинг энергетика регулятори ҳам буни тасдиқламоқда. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг сўзларига кўра, агар Россия яна қандайдир эскалацияга қўл урса, бу газ қувури ишга тушмаслиги мумкин.

Шунингдек, Россия банкларида рублни хорижий валютага конвертация қилиш чекланиши мумкин.

G7 давлатлари ҳам Украинага қарши кейинги ҳаракатларга жавобан Россияни «катта оқибатлар ва оғир харажатлар» кутиб тургани ҳақида огоҳлантирган.

Россия–Украина ўртасида қуролли ҳаракатлар бошланиш эҳтимоли қай даражада?

Бир қанча омиллар икки ўртада очиқ ҳарбий ҳаракатлар бошланиш эҳтимолини камайтириши мумкин.

Биринчидан, Украина томони Россия билан урушга тайёрлигини бот-бот такрорлаётган бўлса-да, икки томоннинг очиқ ҳарбий ҳаракатга киришиши эҳтимоли кам. Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан иқтисодий ва сиёсий санкциялар қўллаши мумкин, аммо Украина туфайли Россиядек ядровий давлат билан очиқ зиддиятга киришиши мантиққа тўғри келмайди. Шунингдек, пандемия давридаги оғир вазиятда Россия учун ҳам янги ҳарбий ҳаракатлар керак эмас. 

Иккинчидан, янги уруш ҳаракатлари бошланадиган бўлса, Россиянинг яккаланиб қолиш эҳтимоли катта. Бу ерда рус ҳукумати учун потенциал иттифоқдош мамлакат мавжуд эмас ва мамлакат экспортининг катта қисми (хусусан, газ) Европа мамлакатлари бозорларига боғланган. ЕИ билан ўзаро алоқаларнинг янада ёмонлашуви эса мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба беради.

Учинчидан, кучлар мутлақо тенг эмас. Украина биринчи бўлиб ҳарбий ҳаракатларни бошлаши Россияга ҳатто ўзига хос имкониятлар ҳам яратади. Чунки Украина ҳарбийларини осонгина мағлуб этиб, бу ҳудудни энди қонуний эгаллаб олишга замин яратилади ва бу ҳолда энди Россияни айблаш мумкин бўлмай қолади. Ҳар икки томон уруш масаланинг ечими эмаслигини яхши англайди. Қолаверса, замонавий урушлар ҳудудий масалаларга узил-кесил нуқта қўймайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Украина муносабатлар фонида Россиянинг Ғарб мамлакатлари билан алоқасининг тобора ёмонлашуви Ўзбекистон учун ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин. Россия иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистоннинг иккинчи энг катта ҳамкори ҳисобланади ва унинг янада оғирроқ Ғарб санкцияларига дучор бўлиши бевосита ҳам, билвосита ҳам Ўзбекистонга таъсир қилади.

Мавзуга оид