Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқаро тўлов тизимлари Россиядан чиқиб кетиши ўзбекистонлик мигрантларнинг пул ўтказмаларига таъсир қиладими?
Western Union, Visa ва Mastercard каби халқаро тўлов тизимлари Россия бозоридан чиқиб кетди. Бу мигрантларнинг Ўзбекистонга амалга оширадиган пул ўтказмаларига қанчалик таъсир кўрсатади?
Фото: ТАСС / Елена Афонина
Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятни тўхтатди. Россияда чиқарилган Visa ва Mastercard карталаридан чет элда фойдаланиб бўлмайди, хорижда чиқарилган карталар билан ҳам Россиядаги банклар ва терминалларда тўлов қилиш имконсиз. 10 март куни Western Union компанияси ҳам Россия ва Беларусдаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Бу эса қайсидир маънода амалда Россия молия тизими ташқи дунёдан узилиб қолганини англатади. Хўш, ҳозирда Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари қайси хизматлардан фойдаланиб пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкин. Чекловлар уларнинг ҳам пул ўтказмаларига таъсир қиладими?
Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz’гa маълум қилишича, Ўзбекистондаги тижорат банклари турли тизимлар билан ўзаро шартномалар имзолашган. Ҳамма банк бир хил тизимдан фойдаланмайди.
«Куни кеча Western Union Россиядан чиқиб кетаётганини маълум қилди. Яна қайсидир санада бошқа тизим ишламаймиз, деб чиқиб кетиши мумкин. Бизда бу борада умумлаштирилган маълумот йўқ. Шунга кўра, фуқаролар банкларнинг ўзи билан боғланиб, аниқ маълумот олиши мумкин», дея таъкидлади Марказий банк ахборот хизмати вакили.
«Ипотека банк» матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳафта давомида банк томонидан мижозларга тақдим қилинадиган 6та тўлов тизимларининг барчаси: Western Union, Asia Ekspress, «Золотая Корона», Ria, Moneygram, Contact билан ҳеч қандай узилишлар кузатилмаган. Россия банклари билан пул ўтказмалари бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ. Янги ҳафтадан баъзи тизимлар билан узилишлар бўлиши мумкинлиги маълум қилинмоқда.
«Ҳамкорбанк» матбуот хизматига кўра, «Сбербанк онлайн» иловаси олдин қандай ишлаган бўлса, ҳозир ҳам шу зайлда ишламоқда. Россиядаги меҳнат мигрантлари ушбу илова орқали «Ҳамкорбанк» чиқарган ҳар қандай кўринишдаги (Uzcard, Humo, Visa в.б) картага муаммосиз маблағ юборишлари мумкин. Шунингдек, «Золотая Корона», Unistream, Contact тизимларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам мавжуд. «Ҳамкорбанк»нинг барча филиалларидан ўтказмаларни қабул қилиш мумкин.
«Агробанк» бошқаруви раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоровнинг сўзларига кўра, «Сбербанк онлайн» иловаси орқали банкнинг Uzcard ёки Humo карталарига муаммоларсиз пул ўтказмаларини амалга оширса бўлади. Шунингдек, бошқа банклардан фарқли равишда «Агробанк» мобил иловаси орқали Ўзбекистондан Россияга ҳам пул юбориш мумкин.
Халқ банки матбуот хизматининг маълум қилишича, банк мижозлари учун ҳозирги вақтда Россиядан пулни ўтказиш учун энг асосий илова бу «Сбербанк онлайн».
«Халқ банкининг картасига эга бўлган мижозларда Россиядан юбориладиган пул ўтказмасини «Сбербанк Онлайн» иловаси орқали қабул қилиш имконияти бор. Бунинг учун пул юборувчи телефонига керакли иловани ўрнатса бўлгани. «Сбербанк» карталаридан Ўзбекистондаги жами 8та банк карталарига пул ўтказса бўлади. Шу жумладан, Халқ банки карталарига ҳам», деган банк матбуот хизмати ходими.
«Саноатқурилишбанк» Contact, Unistream, Asia Ekspress ва «Золотая Корона» тизимларининг иштирокчиси ҳисобланади ва шу платформалар орқали пул юбориш имкониятини тақдим этади.
«Капиталбанк» мижозлари эса Asia Ekspress иловаси орқали Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилиши ва юбориши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 90 фоиздан ортиқ меҳнат мигрантлари айни пайтда картадан картага тўғридан тўғри пул ўтказиш имконияти мавжудлиги туфайли «Сбербанк онлайн» иловасидан фойдаланмоқда. Украина ва Россия ўртасидаги уруш туфайли рубль курси тушиб кетгани ва беқарорлиги сабаб айрим банклар, хусусан «Ҳамкорбанк» ва «Апельсин» рақамли банки Россиядан юбориладиган пул ўтказмаларини тўхтатганди. Ҳозирда Ўзбекистондаги барча банкларда юборилган пулни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Айни пайтда Россиядаги ўзбекистонликлар пул маблағларини рублда юбориши ва Ўзбекистон ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиши мумкин.
Шунингдек, Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўплаб тизимлар йўлга қўйилган, баъзи тизимларда узилишлар вужудга келганда, уларнинг бошқа муқобилидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Халқаро тўлов тизимларининг Россиядан чиқиб кетиши Ўзбекистонга пул жўнатишга жиддий таъсир қилмайди.
Аввалроқ, Марказий банк рублнинг сўмга нисбатан сотиш ва сотиб олиш курси тижорат банклари томонидан мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланиб, кун давомида заруриятга кўра ўзгартириб борилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
07:53 / 03.09.2025
Полшада мушкул аҳволда қолган уч фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди
15:22 / 02.09.2025
Россиядан 16 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
15:30 / 01.09.2025
Олмаотада мушкул аҳволда қолган она ва икки фарзанди олиб келинди
08:23 / 01.09.2025