Ўзбекистон | 19:36 / 19.10.2022
19038
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда классик шим кийиб келган ўқувчи қиз мактабга киритилмади. ХТВ бу талаб нотўғри эканини билдирди

Шайхонтоҳурдаги 34-мактаб раҳбарлари бугун эрталаб доимгидек эшик олдида туриб, формасиз ўқувчиларнинг йўлини тўсган. Улар ҳаво совуқлиги учун классик қора шим кийган ўқувчининг ҳам киришига қаршилик қилган. Воқеа интернетда тарқалгач, мактаб маъмурияти узр сўрашга мажбур бўлди. ХТВнинг эслатишича, совуқ ҳавода ўқувчи қизлар классик шим кийиши мумкин.

Шайхонтоҳур туманидаги 34-мактаб / Фото: Yandex харита

Бугун, 19 октябрда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 34-мактаб директори ўринбосари кунлар совиб кетгани учун дарсга шим кийиб келган ўқувчи қизни мактабга киритмади. Kun.uz ҳолат юзасидан ўқувчининг онаси, мактаб маъмурияти ва Халқ таълими вазирлиги билан боғланди.

Ҳолат ҳақида дастлаб 8-синф ўқувчисининг онаси Гулноза Одилова Facebook'даги саҳифасида ёзди.

“Директор ўринбосари эрталаб мактабнинг дарвозаси олдидан шу совуқ ҳавода қалин шим кийиб келган қизларни “колготки билан юбка кийиб кел” деб дарсга киритмасдан, уйга қайтариб юборяпти. Мактабда “отопление” ёнмаган. Хоналар совуқ. Мактаб таълим бериши керакми ёки “уни кий, буни кийма” билан шуғулланадими?” – деган у.

Онанинг айтишича, қизининг оёғида ревматизм борлиги сабабли “колготки” кийиб юра олмайди. Қолаверса, кийган шими жинси эмас, қора рангли қалин классик шим бўлган.

Дарсга киритилмаган ўқувчи / Фото: Гулноза Одилова / Facebook

Гулноза Одилованинг сўзларига кўра, мактабдаги таълим сифати жуда паст, қизини уйларига яқин бўлгани учунгина шу мактабга берган ва у асосий билимни қўшимча ўқув курсларида олади. “Совуқда шидрайиб “колготка” кийиб борса, сифатсиз таълим сифати ошадими?дея савол қўйган ўқувчининг онаси.

Одилова Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, директор ўринбосари билан телефон орқали гаплашганида ўқитувчисига тушунтириш хати ёзиб беришини, шунда фақат унинг қизига истисно тариқасида шимда келишга рухсат берилиши мумкинлигини таъкидлаган.

34-мактаб директори ўринбосари (юқоридаги воқеада тилга олинган ўринбосар эмас) Абдулҳамид Тўлаганов Kun.uz саволига жавобан мактабда ўқувчиларнинг формаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 666- ва 271-сонли қарорларига асосан иш олиб борилаётганини айтди.

“Яъни мактабимизда ўқувчиларнинг формада келиши бўйича кутиб олиш жорий қилинган. 19 октябр куни эрталаб одатдагидек биз кутиб олганмиз.

Совуқ кунларда, қиш вақтида қизларнинг шим кийиб келишига рухсат берилган, лекин ҳали ҳаво ҳарорати унчалик ҳам совимагани учун шимга рухсат бермаган эдик. Шу маънода кириб келаётган ўқувчига эътироз бўлган: “Шим эмас, юбкада келишинг керак, ҳали совуқ тушмаган”, деган мазмунда мактаб директорининг бошқа ўринбосари томонидан огоҳлантирилган.

Лекин у қиз уйига кетказиб юборилган эмас, бу бола дарсда бўлган. Ўша жараёнда мактабга киритилган, кетказиб, ҳайдаб юборилган эмас”, – деди директор ўринбосари.

Абдулҳамид Тўлагановнинг қўшимча қилишича, мактаб маъмурияти ўқувчи қизнинг онаси билан алоқага чиқиб, ундан узр сўраган. Шу билан бирга, қизлардан юбкада келишни талаб қилган директор ўринбосари билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Тўлаганов мактаб кенгашининг қарорига кўра, шим кийишга рухсат берилганини таъкидлади.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланиши ортидан Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати расмий ахборот чиқарди. Унда айтилишича, совуқ об-ҳаво шароитида ўқувчи қизларга мактаб формасига мос классик услубдаги шим кийишга рухсат берилади. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомда ёзиб қўйилган.

Вазирлик қандай шим назарда тутилаётганини тушунтириш учун намуна сифатида қуйидаги суратни эълон қилди:

Совуқ об-ҳавода ўқувчи қизлар мактабда шу шаклдаги классик шим кийишларига рухсат берилган. / Фото: Халқ таълими вазирлиги

34-сонли мактабдаги ҳолат бўйича ўқувчиларнинг мактабга киришига тўсқинлик қилган мутасаддига нисбатан қандайдир чора кўрилган-кўрилмагани масаласи очиқ қолди: ХТВ ахборот хизмати Kun.uz саволига жавобан тайинли ахборот бера олмади.

Ўзбекистон мактабларида таълим сифатини ошириш ва зарур шароитлар яратишга эмас, ўқувчиларнинг кийиниши ва давоматига устуворлик берилиши мунтазам танқид қилиб келинади. Айниқса қишда мамлакатдаги кўплаб синфхоналар етарлича иситилмайди, болалар дарсда қалин қишки кийимларда ўтиришга мажбур бўлади.

Мен мактабда ўқиган 2000-йилларнинг бошларида ҳам шунақа аҳмоқлик бор эди. Қаҳратон қорда ҳам юбка кий деб шим кийганларни уйга қайтариб юборишарди. Шим устидан юбка кийиб келарди қизлар, қанақа аҳмоқона даврларда яшаган эканмиз, ҳозир эсласам, ҳали ҳам давом этяпти экан. Қишда эркин формага қўйиб бериши керак деб уйлайман. Формадан кўра соғлик биринчи ўринда”, – дея воқеа ҳақида Facebook'даги постга изоҳ ёзган Шайдохон Каримжонова исмли фойдаланувчи.

“Оқ “водоласка” кийиб боргани учун ўғлимни ҳам дарсдан чиқариб юборишганди. Камига “замдиректори” тарсаки ҳам туширган. Йиғлагудек кириб келган. Бормайман энди мактабга деб. Тегишли жойларга мурожаат қилганман. Энг алам қилгани – инглиз тилидан атайлаб аттестат баҳоларини пасайтириб беришди. IELTS'га тайёргарлик кўрар эди. Ўқитувчисидан яхшироқ билар эди. Устози танимай, сўрамай 3 ни кетма-кет қўяверган.

Юқори синфга ўтганидан кейин боланинг умри увол давлат мактабларида. Чунки рус синфларида кадр етишмайди, 30 дан ошиқ қиз-ўғил ўқувчиларни эса дарс ўтилмаса ҳам уйига жавоб бермай синфга қамаб қўйишарди. Аввалги раҳбарлар ўзгарган бўлса ҳам, тизим ўзгармабди. Афсус”, – дея ёзган Шоҳида Шарипова.

“Яқинда бир мактаб раҳбари билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Гап орасида бундай дейди: “Мактабда ўранган қизлар сони жуда кўпайиб кетяпти, менга қолса, қизларни бошидаги рўмолини битта қолдирмай ечтирар эдим. Ёш бола бўлса, ниманиям тушунарди булар ҳали дин тўғрисида”. Яхшиям сенга қолмаган экан дедим, жаҳлимни ичимга ютиб...” – дея таъкидлаган Facebook'нинг яна бир фойдаланувчиси Абдувоҳид Исломович.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ижтимоий соҳа объектларини иситиш 22 октябрдан бошланиши эълон қилинган.

Мавзуга оид