Жаҳон | 11:10 / 13.03.2026
13315
3 дақиқада ўқилади

Ироқда Америка самолёти қулади

АҚШ Ироқ осмонида ёнилғи қуювчи самолётини йўқотганини тасдиқлади. Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳ уни уриб туширганини эълон қилган.

Фото: Reuters

Американинг KC-135 русумли ёнилғи қуювчи самолёти Ироқ ғарбида ҳалокатга учради. АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигига кўра, ҳодиса Эронга қарши «Эпик ғазаб» номли амалиёт доирасида «дўстона мамлакат ҳаво кенглиги»да рўй берган.

«Ҳодисада икки самолёт иштирок этган. Улардан бири Ироқ ғарбида ҳалокатга учраган, иккинчиси қўнишга муваффақ бўлган. Бу душман зарбаси ёки дўстона зарба билан боғлиқ эмас», – дейилади Америка қўмондонлиги баёнотида.

CBS News маълумотига кўра, «ҳодиса»да иштирок этган иккинчи самолёт ҳам KC-135 русумли ёнилғи қуювчи самолёт бўлиб, унинг корпуси шикастланган ва Тел-Авивга келиб қўнган. 

Қулаган самолёт бортида экипажнинг қанча аъзоси бўлгани ва уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида хабар берилмаган.

Ўз навбатида «Ироқдаги ислом қаршилиги» номли эронпараст гуруҳ KC-135 русумли ёнилғи қуювчи самолётини уриб туширгани ҳақида эълон қилган. Гуруҳнинг Reuters агентлиги томонидан иқтибос келтирилган баёнотида самолёт «мамлакат суверенитети ва ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида» уриб туширилгани айтилган.

Reuters агентлиги хабар қилишича, қулаган самолёт бортида «олти нафаргача ҳарбий хизматчи бўлган».

Айни вақтда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Тўлдириш: АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги самолёт қулаши оқибатида экипажнинг 4 аъзоси ҳалок бўлганини тасдиқлади, қидирув ишлари давом эттирилмоқда. 

Шунингдек, ҳодисада иштирок этган иккинчи самолёт фотосуратлари пайдо бўлган – дум қисмидан шикастланган ёнилғи қуювчи самолёт Тел-Авивга қўнган. Америка қўмондонлиги бу авиаҳалокат «душман зарбаси ёки дўстона зарба» билан боғлиқ эмаслигини такрорлаган.

KC-135 – АҚШнинг Яқин Шарқдаги янги уруш давомида йўқотган тўртинчи самолёти бўлди. Эронга қарши ҳарбий амалиётнинг дастлабки кунларида Кувайт осмонида Американинг F-15 русумли учта қирувчи самолёти маҳаллий ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид