Жамият | 08:29 / 24.01.2026
7916
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 400 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Фарғона вилояти Боғдод туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган муқаддам судланган шахс тадбиркорга ер тоифасини ўзгартириб, кўп қаватли уй-жой қуриш учун олиб беришни ваъда қилиб, 400 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 50 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахс маҳаллий тадбиркорга кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони олишида ўзининг мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтган.

Маълум қилинишича, у 2020 йилда бошқа бир фуқарога кам таъминланган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида иссиқхона ташкил этиши учун ажратиб берилган 29 гектар ер майдонидан 5 гектар қисмининг тоифасини ўзгартириб, уй-жой қуриш учун расмийлаштириб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс олдиндан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган — Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси ҳам ушбу 50 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид