Жаҳон | 11:28 / 05.08.2025
13526
7 дақиқада ўқилади

Трамп Ҳиндистонни савалаяпти. Нега Хитойни эмас?

Россия нефтини импорт қилаётган Ҳиндистонга Трамп маъмурияти жиддий босим ўтказяпти, лекин бундай кўламдаги босим Хитойга нисбатан кузатилаётгани йўқ. Бу фарқ замирида стратегик манфаатлар, иқтисодий боғлиқлик ва глобал қутблашиш жараёнлари ётади. “Геосиёсат” таҳлилчилари айни шу жараёнларга эътибор қаратди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Нима учун Трамп Россия нефтини импорт қилаётган Ҳиндистонга жиддий босим ўтказмоқда, лекин Хитойга нисбатан бундай бўлаётгани йўқ?

Камолиддин Раббимов: Хитойга нисбатан босим аллақачон максимал даражада қўлланган. Қўшма Штатлар бу борада мавжуд имкониятларини деярли тўлиқ ишга солган ва икки давлат ўртасида маълум бир тенг муносабатлар шаклланган. Сабаби АҚШ Хитойдан нодир металларни импорт қилади, уларнинг эса бугунги кунда муқобили йўқ.

Охирги пайтларда Хитойнинг Россия–Украина уруши бўйича позицияси сезиларли даражада ўзгарди. Уруш бошида Хитойнинг 14 пунктдан иборат позицияси мавжуд бўлиб, у ҳар икки томонни турли жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ёки инкор этувчи элементларга эга эди. Масалан, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш таклифи шулар жумласидан эди. Шу билан бирга, Хитой НАТО ва АҚШнинг кенгайиш сиёсатига қарши чиққан, бироқ Россияни ҳам тўлиқ қўллаб-қувватламаган эди.

Бугунга келиб Хитой расмийлари: “Биз Россиянинг ютқазишидан манфаатдор эмасмиз,” деган баёнотлар бермоқда. Бу эса уларнинг позицияси Россияга янада яқинлашганини англатади. Бунинг сабаби – Хитойнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларида АҚШ билан рақобат марказий ўрин тутади. Шундай шароитда, Россия–Ғарб қарама-қаршилигини узайтириш орқали, Хитой ўзига қаратилган босимни кечиктиришга ҳаракат қилмоқда. Яъни Ғарбнинг асосий фокуси Россияга қараб турганидан Хитой манфаатдор.

Ҳиндистон манфаатларидан келиб чиқилса, Россиядан арзон нефт харид қилиш унинг учун ниҳоятда қулай. Урушдан олдин Ҳиндистоннинг Россиядан импорт қилаётган нефти умумий эҳтиёжининг атиги 5 фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда у Россия нефтининг энг йирик иккинчи харидорига айланган. Бу демографик устунлик билан боғлиқ: бугун Ҳиндистон аҳолиси 1 миллиард 450 миллионга етган ва Хитойдан 42 миллионга кўп. 42 миллион аҳоли – катта бир давлат аҳолисига тенг. Ҳиндистоннинг иқтисодиёти ҳам жадал суръатда ўсмоқда. Арзон нефт ва газ эса бу ўсиш учун муҳим манба.

Ҳиндистон Хитойга қарши йирик геосиёсий блокларда АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, Quad – бу АҚШ, Австралия, Ҳиндистон ва Япония айнан Хитойни мувозанатга солиш учун тузилган алянс. Совуқ уруш даврида Ҳиндистон Совет Иттифоқи билан яқин бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ташқи сиёсий йўналиши тубдан ўзгарган. У эндиликда АҚШ билан иттифоқчиликка асосланган, Хитойга қарши стратегик позицияни эгаллаган. Шу сабабли АҚШ Ҳиндистонга нисбатан дастлаб босим ўтказган бўлса-да, Ҳиндистон бунга тезда дипломатик йўл билан жавоб қайтарди. У Россиядан нефт харидини қисқартиришга тайёрлигини билдирган. Бироқ ҳозир бу жараённи аста-секин, эҳтиёткорлик билан амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.

Шуҳрат Расул: Менимча, Ғарб, айниқса АҚШ учун яна бир кучли босим воситаси пайдо бўлди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг ёрдамчиси Стивен Миллер яқинда шундай баёнот берди:

Ҳиндистон Россия–Украина урушини молиялаштиришда айбдор, деган даъво илгари сурилди. Бу айблов оддий савдо божлардан ҳам кўра, келажакда Ҳиндистонга нисбатан санкция киритиш ҳақидаги дағдағаларга ҳам йўл очиб бериши мумкин.

Шубҳасиз, Ҳиндистон бундай босимни асло истамайди.

Бектош Бердиев: Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни ҳисобга олиш лозим: Ҳиндистоннинг ўзи ҳам бугун жуда катта бозорга айланиб улгурди. 1,5 млрд аҳоли – жуда катта бозор. Бундай катта бозордаги нефтга бўлган катта талабни қондириш манбайини бирданига ўзгартириб бўлмайди. Ҳиндистон нафақат ички эҳтиёж учун, балки қайта ишланган нефт маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида ҳам нефт сотиб олади.

Шундай экан, Россия нефти ўрнини яқин орада тўлиқ муқобиллари билан алмаштира оладими, деган савол ўртага чиқади. Жавоб йўқ, яқин муддатда бу мушкул. Бу жараён бир йилгача чўзилиши мумкин.

Анвар Йўлдошев: Ҳиндистон нефтни Россиядан арзонроқ нархда бошқа жойдан ололмайди. Россиядан арзонроққа ҳеч ким бермайди. Мана шу иқтисодий жиҳатни ҳам инобатга олишимиз керак.

АҚШ Исроилни Фаластиндаги урушдан қайтармай, Россияни Украинадаги урушни тўхтатишга мажбурламоқчи. Тингловчиларимиз шу ҳақда сўрашибди.

Бектош Бердиев: АҚШ менга ҳамма нарса мумкин деб ўйлайди. Сабаби – иқтисодий, сиёсий, ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлат. Яъни Америкада реал қудрат бор.

Камолиддин Раббимов: Россияда эса фақат ядровий қудрат қолди холос, бошқа ҳеч қайси жабҳада қудрат жиҳатдан АҚШ ёки Хитой билан рақобат қилолмайди.

Бу ерда иккита муҳим нуқтани таъкидлаш зарур. Биринчиси – дунёда кўп қутблилик шаклланмоқда, бу жараённи энди ҳеч ким, ҳатто АҚШ ҳам тўхтата олмайди. Иккинчиси – Американинг Яқин Шарқдаги геосиёсий стратегияси чуқур инқирозга юз тутган. Агар Исроил давлати геосиёсий майдондан чекинадиган бўлса, бу ҳозирча эҳтимол даражасидаги ҳолат бўлса-да, минтақадаги куч мувозанати тубдан ўзгаради. Исроил 1947 йилдан кейин ташкил топган, тарихан энг ёш давлатлардан бири. У АҚШ манфаатларини Яқин Шарқда ифодаловчи асосий таянч нуқта бўлиб қолмоқда. Аммо айни пайтда, Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари АҚШнинг мусулмон дунёсидаги айниқса, икки миллиардга яқин глобал жанубдаги мусулмон аҳолиси орасидаги обрўйига жиддий путур етказмоқда. АҚШ эса бу зиддиятли ҳолатдан чиқиш йўлини топа олмаяпти. Бир томондан Исроилни қўллаб-қувватлайди, иккинчи томондан эса қолган минтақа давлатлари билан муносабатлари тобора беқарорлашиб бормоқда.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид