Ўзбекистондан неча киши грин-карта ютади? Уни ютишнинг сири борми?
7 октябрдан Green Card учун аризалар қабули бошланди. Бу йил дастур қоидаларида жиддий ўзгаришлар йўқ. Kun.uz лотереяга оид энг кўп бериладиган саволларга жавоблар ва асосий тавсияларни санаб ўтади.
АҚШ Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – Diversity Visa дастури (халқ тилида – «грин карта») учун аризалар қабули 7 октябрдан бошланди. Жараён 10 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 22:00га қадар давом этади.
Грин-карта ютиш нима беради?
Лотереянинг расмий номи – «Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури» (Diversity Immigrant Visa Program). Дастур АҚШда 1990 йилда қабул қилинган қонун асосида йўлга қўйилган.
Ғолиблар кейинги жараёнлардан муваффақиятли ўтган тақдирда, АҚШда доимий яшаш, қонуний ишлаш ва 5 йилдан сўнг АҚШ фуқаролигини олиш учун ариза бериш имкониятига эга бўлади. Умуман, грин-карта эгалари сайловда овоз бериш ҳуқуқидан ташқари, АҚШ фуқароларига берилган аксарият ҳуқуқлардан фойдалана олади.
Нечта виза берилади?
Ҳар йили АҚШга иммиграция кўрсаткичлари кам бўлган давлатлар фуқароларига иммиграцион виза учун лотерея ўйналади. Дастур асосида йилига 55 минг нафаргача хориж фуқароси АҚШ резиденти мақомини олади.
2019 йилда дунё бўйича 6 741 128 та ариза келиб тушган. Бу – аввалги йилларга қараганда 2 баробарга кам. Боиси, ўтган йили дастур қоидаларига фирибгарликни чекловчи янги шартлар киритилган эди.
Визалар охирги 5 йил ичидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида, 6та минтақа орасида тақсимланади. Иммиграция кўрсаткичлари пастроқ ҳудудларга кўпроқ визалар ажратилади.
Ўзбекистондан неча киши грин-карта ютади?
2017 йилда Ўзбекистон фуқароларидан 1,8 миллионта, 2018 йилда 1,7 миллионта, 2019 йилда эса 466 480 та ариза келиб тушган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили дастур қоидалари ўзгаргач, Ўзбекистон фуқароларидан хорижга чиқиш паспортини олиш талаб этилган эди.
Лотереяда ғолиб деб топилганларга келсак, 2016 йил май ойида 4501 нафар, 2017 йил майида 4494 нафар ўзбекистонликка ютуқ чиққан. Аммо ғолибларнинг барчасига ҳам грин-карта насиб этавермайди. 2017 йилда 3199 нафар, 2018 йилда 2058 нафар, 2019 йилда 823 нафар Ўзбекистон фуқароси DV дастури орқали АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.
2010-2019 йилларда (10 йил ичида) 27 563 нафар ўзбекистонликка грин-карта берилган, бу йилига ўртача 2755 киши демакдир (бу ерда айнан DV лотереяси орқали олинган грин-карталар ҳақида гап кетмоқда; маълумот учун, грин-карта олишнинг бошқа йўллари ҳам бор).
Кимлар ариза топшира олади?
Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар 2та:
- Фуқаролари дастурда қатнашишига рухсат берилган давлат фуқароси бўлиш;
- Энг камида мактабни тамомлаган бўлиш (ёки охирги 5 йил ичида 2 йиллик иш тажрибаси – бу АҚШдаги касблар классификаторига мувофиқ аниқланади).
Лотерея қандай ўйналади?
Омадини синаб кўрмоқчи бўлганлар белгиланган даврда dvprogram.state.gov сайти орқали ариза-анкета тўлдириб, шу орқали ўйин иштирокчисига айланади. Бу мутлақо бепул.
Анкета тўлдириш учун рўйхатга олиш даврининг охирги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади. Дунё бўйлаб талаб юқорилиги сабаб dvprogram.state.gov сайти ишлашида муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
Худди шунингдек, аризалар қабули бошланиши биланоқ анкета тўлдириш ҳам энг яхши вариант эмас. Масалан, ўтган йили техник хатолик сабаб биринчи бўлиб ариза берганларнинг аризалари бекор қилинган ва уларга қайтадан анкета тўлдириш ҳуқуқи берилганди.
Kun.uz тез орада грин-карта анкетасини мустақил ва бехато тўлдириш бўйича йўриқномани тақдим этади. Унинг ёрдамида инглиз тилини билмаганлар ҳам ўзлари мустақил рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Ғолиблар қачон эълон қилинади?
Ютуқ чиққан-чиқмаганини текшириш учун ариза топширилганидан кейин бериладиган тасдиқлов кодини сақлаб қўйиш керак. Натижалар 2021 йил 8 май куни дастурнинг юқорида кўрсатилган сайтида эълон қилинади.
Ғолибларда виза олиш учун 2022 йил 30 сентябргача муҳлат берилади.
Танланган номзодлар кейинги босқичда АҚШ консулхонасига мурожаат этиши зарур. Уларни ҳужжатлар билан боғлиқ мураккаб жараёнлар кутади (консулхона берадиган анкетадаги саволлар сони юздан ошади). Ва албатта, харажатлар ҳам: консуллик-виза йиғими, тиббий кўрик, ҳужжатларни инглиз тилига таржима қилиш ва ҳоказо.
Лотерея ғолиби бўлиш виза оласиз дегани эмас
Танланган номзодлар май ойида эълон қилингач, улар кейинги йилнинг 30 сентябрига қадар виза расмийлаштириб улгуриши керак. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ютуқ чиққанларнинг ярмигача қисми грин-картани қўлга кирита олмайди.
Бунга сабаблар – ҳужжатлардаги хатолар; виза олиш харажатлари ва АҚШга етиб бориб у ерда дастлабки ойларда яшаш учун етарли маблағнинг йўқлиги; энг охирги босқичда эса суҳбатдан ўта олмаслик ва ҳоказо.
Яна бир сабаб – шунчаки кеч қолиш. Ҳатто барчасини тўғри қилган тақдирингизда ҳам, суҳбатга кириш навбатингиз келгунича сизнинг давлатингиз учун ажратилган квота тўлиб қолиши мумкин. Чунки АҚШ Давлат департаменти турли сабаблар билан кейинги босқичдан ўта олмайдиган номзодлар ҳам бўлишини инобатга олиб, ажратилган квотадан кўпроқ кишини ғолиб деб эълон қилади.
Ғолиблар АҚШга ўзи билан бирга кимни олиб кетиши мумкин?
Танланган номзодларнинг қонуний эри ёки хотини, шунингдек 21 ёшга тўлмаган ва ҳали оила қурмаган болалари ҳам ғолиб билан бирга АҚШга йўл олиш учун консулхонага ариза бериш ҳуқуқига эга.
Ғолибларнинг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглисида бундай ҳуқуқ бўлмайди.
Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!
Грин-карта ўйнаш ҳар йили октябрь-ноябрь ойларида бутун дунё миқёсида хизмат кўрсатишнинг каттагина бир соҳасига айланиб кетади: тадбиркорлар инглиз тилини билмаган ёки билса ҳам, анкетани тўғри тўлдиришига кўзи етмаган фуқароларга хизмат кўрсатиш орқали мўмайгина даромад ишлаб олади.
Таъкидлаш керакки, лотереяда ғолиб чиқиш эҳтимолини оширишнинг йўллари ва ҳеч қандай «сирлари» йўқ. Энг муҳими, омад ва аризани бехато тўлдириш. «Мен орқали ариза топширсангиз, ютишингиз эҳтимоли юқорироқ бўлади», дегувчиларга ишониб ўтирманг.
Бир киши фақат битта ариза тўлдириши мумкин ва бу бепул. Такроран юборилган аризалар ўйиндан чиқарилади. АҚШ Давлат департаменти бир нечта ариза топширган кишиларни аниқлашнинг мураккаб механизмини қўллайди. Ҳатто ютуқ чиққан тақдирда ҳам, агар бир нечта ариза киритган бўлсангиз, бу кейинги босқичларда ҳам аён бўлиб қолиши мумкин.
Пул эвазига сиз учун анкета тўлдириб берган фирибгарлар ютуқ чиққан тақдирда сиздан каттагина пул талаб қилиши мумкинлигини ёдда тутинг. Ариза топшириб бўлингач, автоматик бериладиган кодларни албатта қоғозга чоп этиб олинг. Айни шу код орқали лотерея натижалари эълон қилинганида ўз омадингизни текшириб кўра оласиз.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024