Ўзбекистон | 12:03 / 15.07.2023
10926
4 дақиқада ўқилади

1,7 млрд сўмга мотивация, 750 млн сўмлик электрон тизим ва ҳар бири 16 млн сўмлик ролик – ЁИА миллиардларни нималарга ишлатяпти?

Ёшлар ишлари агентлиги охирги 2 ойда қиймати 4 млрд сўмлик 3та тендер ўтказди. Улардан иккитасида аввал Ёшлар иттифоқи ҳузурида бўлган “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ғолиб чиққан.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

13 июл куни ёшлар ишлари агентлиги маҳалладаги ёшлар етакчилари иш фаолиятини баҳолаш электрон рейтинг тизимини яратиш ва бир йиллик техник қўллаб-қувватлаш хизматини кўрсатиш бўйича қиймати 753,48 млн сўмлик тендер ўтказган. “United IT Company” МЧЖ, “Energy Consult” МЧЖ ва “Entertainment” МЧЖлар иштирок этган тендерда “United IT company” ғолиб деб топилган.    

Мотивацион тренингларга – 1,7 млрд сўм 

Агентлик ўтказган яна бир эътиборга молик тендер ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида таниқли тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинглар ташкил этиш хизматини кўрсатишга оид. Лойиҳа қиймати 1 млрд 702 млн сўмни ташкил қилади. Ушбу лот бўйича 2023 йил 14 июнда ўтказилган тендерда “Ёшлар келажагимиз жамғармаси” ғолиб бўлган

Агентлик ва “Ёшлар келажагимиз жамғармаси” ўртасида тузилган шартномага кўра, жамғарма график асосида 17 июндан 28 августга қадар республика ҳудудларида мотивацион тренинглар ташкил қилиб бериши керак. 

1,7 млрд сўм маблағнинг 192 млн сўми спикерлар ва ташкилий ишчи гуруҳ учун меҳмонхона, йўл, овқатланиш ва хизмат сафари билан боғлиқ харажатларга сарфланиши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, мотивацион тренингларни ташкил этиш харажатлари – 725 мн сўм; тренингларда фаол иштирок этган ёшларни рағбатлантиришга 600 млн сўм, тренинг рекламаси, машҳур блогерларга реклама бериш, тарғибот, анонс видеороликлар тайёрлаш, тренингларни тўлиқ тасвирга олиш учун 185 млн сўм сарфланади. 

Ҳар бири 16 млн сўмга тенг видеороликлар

Агентлик томонидан ўтказилган яна бир тендер ёшларга молиявий саводхонлик, касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатишга қаратилган видеоматериалларни тайёрлаш хизмати кўрсатишга оид. Тендер қиймати – 1 млрд 696 млн сўм. 

Тендер эълонида келтирилишича, давомийлиги 2 дақиқадан кам бўлмаган ёшларга молиявий саводхонликни ўргатишга қаратилган видеоматериалларни тайёрлаш учун 150 млн сўм ажратилган (жами 50та видео). Бунда ҳар бир видеонинг ўртача нархи 3 млн сўмга тенг. 

Ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларни ўргатишга қаратилган видеоматериалларни тайёрлаш учун эса 1,6 млрд сўм. Ҳар бир видеоматериал давомийлиги 7 дақиқадан кам бўлмаган 100та видео тайёрланиши керак – ҳар бир видео харажати 16 млн сўм этиб белгиланган. Ушбу тендерда ҳам “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ғолиб бўлган.  

“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳақида

Ёшлар келажагимиз жамғармаси (нодавлат-нотижорат ташкилоти) президент фармонига мувофиқ 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган. Жамғарманинг асосий вазифаси “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида ёш тадбиркорларга турли шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Президентнинг 2020 йил 1 июлдаги ПФ-6017-сон фармони билан Жамғарма 2021 йил 1 январдан мустақил нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этилиши белгиланган.

Жамғарма ёшлар ишлари агентлиги ўтказган бошқа тендерларда ҳам ғолиб бўлган. Масалан: 

• Қиймати 456 млн сўмлик ёшларнинг мантиқий билимларини, интеллектуал салоҳиятини ва саводхонлигини ошириш, интеллектуал ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш хизматини кўрсатиш (2022 йил 12 декабр).

• Қиймати 852 млн сўмлик ёшлар саводхонлигини ошириш, улар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, ёшларнинг ўз соҳасида муваффақиятга эришишларига кўмаклашиш, уларнинг ишбилармонлиги ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (11 ноябр, 2022 йил).

• Қиймати 850 млн сўмлик ёшларга бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга каратилган “Коучинг” видеоматериалларни тайёрлаш (11 май, 2022 йил).

Мавзуга оид