Ўзбекистон | 09:49 / 15.04.2024
13719
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги музейда содир бўлган ёнғинда ноёб экспонатлар ёниб кетди

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида юз берган ёнғинда нақшли масжид эшиги, Англия қуролсозлари томонидан ясалган милтиқ қўндоғи буткул ёниб кетган ҳамда бир қанча тарихий экспонатлар зарарланган. Ҳозирда етказилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, ёнғин 11 апрел куни соат 10:00 ларда музейнинг иккинчи қаватидаги экспозиция залида содир бўлган. Ёнғин жамоатчиликдан сир тутилган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбари Хайрулло Зокиров музейда ёнғин содир бўлганини тасдиқлади. Масъулнинг айтишича, 1985 йилда қуриб фойдаланишга топширилган музей биносида ёнғин эскирган электр симларининг қисқа туташуви ортидан келиб чиққан.

Англия қуролсозлари томонидан кашф қилинган милтиқ қўндоғи

 

1985 йилда ясалган нақшли масжид эшиги

Ёнғинда фақат 1 дона витрина ёниб, милтиқ қўндоғи ва нақшли эшик буткул ёниб кетган. Витрина ва музейнинг ёнган қисми эса таъмирланган. Рассом Гаврилов томонидан 1938 йилда чизилган, 1916 йил қўзғолони акс этган санъат асари қисман зарарланган.

“Марғилон шаҳрида мингбошининг ўлдирилиши (1916 йил)”

Музей раҳбари ҳолат вилоят бадиий экспертизаси ходимлари томонидан ўрганилаётгани сабабли ичкарига киришга рухсат бермади. Унинг қўшимча қилишича, айни пайтда етказилган моддий зарар миқдори ўрганиляпти.

Аввалроқ Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонат қалбакилаштирилгани маълум бўлганди. Шунингдек, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланган эди. 

Мавзуга оид