Ўзбекистон | 07:44 / 14.07.2022
11501
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги музейда 70 та ноёб экспонат қалбакилаштирилгани аниқланди

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Фото: madaniymeros.uz

Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида ўрганиш ишлари олиб борилди. Унга кўра музейда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишда музейда сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонатлар (улардан 56 таси ранг-тасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланди. 

Шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона ранг-тасвир ва 1 дона графика асари топилмаган.

2011 йилда музей томонидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига жами 21 номдаги ашёлар берилган. Улардан 14 номдаги ашёлар 2016-2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, аммо қолган 7 дона ранг-тасвир асари қайтарилмаган. Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ушбу 7 дона ранг-тасвир асарлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид