Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Park in Mall'даги ёнғиндан кейин марказ фаолияти тўхтатилди
15 март куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган Park in Mall оилавий савдо-кўнгилочар марказининг учинчи қаватида ёнғин содир бўлганидан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти тегишли ҳужжатларга асосан марказ фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Фото: ФВВ
Вазирлик маълумотига кўра, чеклов чораси ёнғин хавфсизлиги соҳасида аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар амал қилади.
Хабарларга кўра, ёнғин ҳақидаги хабар 15 март куни соат 13:18 да келиб тушган. Қутқарув ва ёнғин ўчириш экипажлари манзилга бир дақиқада етиб борган ва ёнғин 13:28 га келиб бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган, аммо бинодаги тахминан 25 квадрат метр майдон ёниб, зарарланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга бинодаги ижарачилар томонидан электр симларидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ёнғин чиққан ҳудудда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, текширувлар давомида эса бир қатор ёнғин хавфсизлиги талаблари тўлиқ бажарилмагани аниқланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ФВБ мазкур мажмуа ҳодиса содир бўлган пайтда расман фойдаланишга топширилмаганини ҳам билдирган. Шунга қарамай, бинода бир неча ойдан буён дўконлар, овқатланиш шохобчалари, кинотеатр ва фитнес маркази ишлаб келаётгани айтилмоқда.