Ўзбекистон | 01:39 / 07.05.2021
24030
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд яқинида М39 халқаро автомобиль йўлининг бир қисми чўкиб, яна бир қисми ўпирилиб тушди

Самарқандда М39 халқаро автомобиль йўлининг бир қисми чўкиб кетган, яна бир қисми ўпирилиб тушган. Натижада Чўпонота тепалиги яқинида йўл бир тарафлама ташкил этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ Kun.uz’га хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йил 6 май куни соат 20:40 атрофида М39 Алмати — Тошкент — Термиз халқаро автомобил йўлининг Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтувчи 1081-километрида, йўлнинг тагидан ўтган 1200 миллиметрли юқори босимли магистрал сув қувури ёрилиб кетган. Оқибатда, катта миқдорда сув сизиб чиқиб, йўлнинг чап томонидан 15х6 метр қисми ўпирилиб тушган. Яна бир қисми эса чўккан.

Шундан сўнг вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан жойдаги айланма атрофида, йўл қопламаси чўккан ва ўпирилиб тушган томонда транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилган ва йўлнинг иккинчи томонидан қатнов ташкил этилган.

Қайд этилишича, оқибатларни бартараф этиш учун:

Вилоят ИИБ ЙҲХБдан 18 нафар,

ППХдан 8 нафар,

Йўл ташкилотидан 25 нафар,

«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖдан 27 нафар ходим жалб қилинган.

Бундан ташқари, 2та трейлер, 2та автокран, 2та экскаватор, 1та погрузчик, 1та манипулятор, 2та сув торткич, 2та махсус машина жалб этилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган. Айни дамда йўлнинг чўккан ва ўпирилган жойи ёпиб қўйилиб, қатнов йўлнинг нариги тарафидан ташкил этилган.

«Ҳайдовчилардан М39 йўлининг серқатновлигини инобатга олган ҳолда йўлнинг бир тарафлама ташкил этилган жойида эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», дейилади хабарда.

Маълумот учун, мазкур чўккан ва ўпирилиб тушган йўл Чўпонота тепалигида, бундан 2 ой аввал бузиб олинган «Штаб» йўл-патруль пости яқинида жойлашган.

Мавзуга оид