Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зикр – бандани Аллоҳ билан маънан суҳбатлаштиради
“Ислом нури” кўрсатувининг бугунги меҳмони Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов. Суҳбат мавзуси Рамазонда зикр айтиш хусусияти ва унинг савоби ҳақида.
YouTube'да томоша қилиш
Tas-IX'да томоша қилиш
- Ҳақиқатан ҳам Рамазон ойининг номлари жуда кўп. Масалан, Қуръон ойи, саховат ойи, бағрикенглик ойи дейилади. Мана шулардан бири Рамазон – зикр ойи ҳамдир. Чунки биз бандалар Аллоҳ таоло билан ўзаро робитани боғлаш учун зикр қилишимиз керак. Агар Аллоҳни эсламасак, Аллоҳни зикр қилмасак алоқа узилади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким бир нарсани яхши кўрса, кўп ёдга олади”, деб марҳамат қилганлар. Биз Аллоҳни яхши кўрамиз, деб даъво қилар эканмиз, Яратганни зикр қилмасак, кимни зикр қиламиз...
Аллоҳни зикр қилиш турларини ҳам билиб қўйишимиз керак бўлади. Унга зикр қилиш нима билан бўлади, аввало, унинг фарзларини адо этиш билан бўлади. Рўзадорлар рўза тутган ҳолларида энг буюк зикрни амалга оширишмоқда. Чунки рўзадор тилини ғийбатдан, туҳматдан, чақимчиликдан тияди. Мана шу Аллоҳни зикр қилиш, деганидир. Банда Яратганни зикр қилса, ундан гуноҳли ишлар четлашади.
масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов
Зикр, асосан, инсоннинг қалбида бўлиши керак. Кўпчилигимиз зикрнинг асл маъно ва моҳиятини тушунмаганлигимиз туфайли уни тилдан чиқаётган такбир, таҳлил, истиғфор ва дуолар, деб биламиз. Аслида, зикр инсоннинг тилидан бошланса ҳам, у бора-бора қалбдан жой эгаллаши керак. Ана шунда буюк ватандошимиз ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, Аллоҳнинг зикри қалбимизда нақш бўлади. Чунки нақш бўлган нарса ҳеч қачон унутилмайди.
Зикрларнинг ҳам ўзига яраша мақомлари бор. Уламоларимиз бир овоздан иттифоқ қилиб айтадиларки, зикрнинг энг афзали Қуръон тиловати. Нега? Чунки у Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиш билан банда Аллоҳ билан маънан суҳбатлашади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойида ҳар бир мўмин-мусулмон Яратганини зикр қилишга енг шимариб, астойдил киришишлари керак.
Уламоларимиз яна айтадиларки, зикрларнинг энг афзалларидан бири: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси. Кўчада бўламизми, ишдами, бекор ҳолатлардами, қўлимизда тасбеҳ бўлмаса ҳам шу калимани такрорлаб турсак, Аллоҳни зикр қилаётган бўламиз. Аллоҳнинг буйруқларини бажариш энг олий зикрлардан бири ҳисобланади. Намоз ўқиш Аллоҳнинг зикри, закот бериш ҳам шу мақомга эга. Мўмин-мусулмонларга ёрдам қўлини чўзиш ҳам Аллоҳ таолонинг зикридир, - деди И.Бегматов.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
17:44 / 25.03.2025
Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда жорий Рамазон ойи 29 кунда якунланиши кутиляпти. 30 март Ҳайит бўлиши мумкин
10:32 / 01.03.2025
Саида Мирзиёева Рамазон ойи муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади
22:08 / 28.02.2025
Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади
17:09 / 28.02.2025