Ўзбекистон | 14:21 / 02.10.2024
2369
2 дақиқада ўқилади

Оилавий зўравонликдан жабрланганлар эҳтиёжманд аҳоли тоифасига киритилади

Президент имзолаган қонун билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилади ҳамда маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишининг олди олинади.

Давлат раҳбари “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.

Маълум қилинишича, қонунга иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишига йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш механизми такомиллаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланяпти.

Қонун билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқлаштириляпти. Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар  аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган. 

Мавзуга оид