15:02 / 24.12.2022
53178

Ўзбекистонда янги шаклдаги ижро ҳокимияти қанақа бўлади?

Kun.uz Ўзбекистонда ижро ҳокимиятининг ташкилий тузилмасини янгилаш бўйича президент фармонларидан келиб чиқадиган ўзгаришларни жамлаган ҳолда тақдим этмоқда.

Фото: Kun.uz

Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг таркиби 21 та вазирликдан иборат бўлади.

Қуйида бу вазирликлар ва уларнинг тизимига янги кирадиган агентлик, қўмита ва инспекциялар санаб ўтамиз. Шу билан бирга, ҳукумат таркиби фақат шулардан иборат эмас – қайта ташкил этилмаётган тузилмалар рўйхатга киритилмаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ)

Халқ таълими вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Мактабгача таълим вазирлиги негизида ММТВ ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ташкил этилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент таълим муассасалари агентлиги негизида ММТВ ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги иккита орган – Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси тугатилиб, уларнинг функциялари қисман ММТВга ўтказилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (ОТФИВ)

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Инновацион ривожланиш вазирлиги негизида ОТФИВ ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ташкил этилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази негизида ОТФИВ ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ОТФИВ ҳузурига ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги иккита орган – Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси тугатилиб, уларнинг функциялари қисман ОТФИВга ўтказилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликлари негизида ташкил этилади.

  • Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг номларидан “давлат” сўзи чиқариб ташланиб, иккала қўмита ИМВ ҳузурига ўтказилади.
  • ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги ИМВ ҳузурига ўтказилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ИМВ ҳузурига ўтказилади.

Молия вазирлиги Ғазначилиги негизида ИМВ ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ташкил этилади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги иккита агентлик – Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги тугатилиб, функциялари ИМВга ўтказилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (КҚБВ)

Учта вазирлик – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги КҚБВ ҳузурига ўтказилади.
  • Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси номидан “давлат” сўзи чиқариб ташланиб, КҚБВ ҳузурига ўтказилади.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тугатилиб, функциялари КҚБВга ўтказилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ)

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг негизида ташкил этилади.

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ИССВ ҳузурига ўтказилади. (Агентликнинг дори-дармон ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш функциялари ССВда қолади).

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги иккита орган – Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ҳамда Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази тугатилиб, функциялари ИССВга ўтказилади.

Шунингдек, Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг саноатни ривожлантириш билан боғлиқ функциялари ИССВга берилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ҚХВ)

Қуйидагилар ҚХВ ҳузурига ўтказилади:

  • Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги;
  • Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси;
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (номидан “давлат” сўзи чиқариб ташланади);
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси.

ҚХВ ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг номи ҚХВ ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги деб ўзгартирилади.

Шунингдек, Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ функциялари ҚХВга берилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Ўзбекчорванасл” агентлиги тугатилади, унинг функциялари қўмитага ўтказилади.

Сув хўжалиги вазирлиги (СХВ)

  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси СХВ ҳузурига ўтказилади.
  • СХВ ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги тугатилиб, функциялари вазирликка ўтказилади.

Энергетика вазирлиги

Вазирлик ҳузуридаги иккита инспекция бирлаштирилади: Электр энергетикада назорат инспекцияси ҳамда Нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси негизида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади.

Тоғ-кон ва геология вазирлиги (ТГВ)

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси негизида ташкил этилади.

Иккита орган бирлаштирилади: Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси негизида ТГВ ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (ҚУХВ)

Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги негизида ташкил этилади.

Учта орган бирлаштирилмоқда: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, шунингдек, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида ҚУХВ ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ташкил этилади.

Табиат ресурслари вазирлиги (ТРВ)

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида ташкил этилади.

  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси негизида ТРВ ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги ташкил этилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази негизида ТРВ ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги ташкил этилади (қисқача – “Ўзгидромет”).

Рақамли технологиялар вазирлиги (РТВ)

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) РТВ ҳузурига ўтказилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги РТВ ҳузурига ўтказилади.

Маданият ва туризм вазирлиги (МТВ)

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Кинематография агентлиги МТВ ҳузурига ўтказилади.
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси МТВ ҳузурига ўтказилади.

Шунингдек, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурига ўтказилади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (ЁССВ)

Спортни ривожлантириш вазирлиги негизида ташкил этилади.

  • Ёшлар ишлари агентлиги ЁССВ ҳузурига ўтказилади.

Адлия вазирлиги

  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг негизида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги ташкил этилади.
  • “Ўзархив” агентлиги ҳам Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилади.

Мудофаа вазирлиги

  • Мудофаа саноати давлат қўмитасининг номи Мудофаа саноати агентлиги деб ўзгартирилиб, Мудофаа вазирлиги ҳузурига ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)

  • ССВ ҳузуридаги Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси тугатилиб, функциялари ССВга ўтказилади.
  • ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурига ўтказилади, агентликнинг дори-дармон ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш функциялари ССВда қолади.

Юқорида келтириб ўтилган 17 та вазирликдан ташқари, ҳукумат таркибида қуйидаги 4 та вазирлик ҳам бўлади, уларнинг таркибига янги орган қўшилиши ёки ажратилиши кутилмаяпти:

  • Транспорт вазирлиги
  • Ички ишлар вазирлиги
  • Ташқи ишлар вазирлиги
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

Монополияга қарши курашиш қўмитаси (ҳукуматдан мустақил) негизида ташкил этилади.

  • Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тугатилиб, функциялари қўмитага ўтказилади.

Статистика агентлиги

Давлат статистика қўмитаси ҳукумат таркибидан чиқарилиб, Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги сифатида қайта ташкил этилади.

“Маъмурий ислоҳотларнинг биринчи босқичи”

Президент фармонида юқоридаги ўзгаришлар “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи” деб аталган. Унга кўра:

  • Барча вазирликларнинг штатлари 30 фоизгача қисқартирилади.
  • Мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача туширилади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади. Ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимдан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда. Унинг ўрнига ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил этилади.
  • Бош вазир ўринбосарлари сони 8 тадан 4 тага туширилади. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими бекор қилинди. Бош вазир ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида вазир лавозимини эгаллашига барҳам берилади.
  • Вазирларнинг ваколатлари кенгайтирилади, масъулияти оширилади. Вазирларнинг буйруқ ва қарорлари ҳам E-qaror тизими орқали қабул қилинади ва очиқланади (ҳозир бу тизим фақат ҳокимлар ва маҳаллий кегнашларнинг қарорлари билан чекланиб қолган)
  • Вазирлик ва идораларнинг функциялари қайта кўриб чиқилиб, бир-бирини такрорлайдиганлари қисқартирилади; бунда, хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилади.
  • Бошқарув аппаратини сақлаш харажатларини камайтириш мақсадида “онлайн қабул”, “виртуал ташриф” каби иш услублари кенгайтирилади; энергия сарфи қисқартирилади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар 2023 йил 1 апрелгача ислоҳ қилинади. Айрим республика ижро органлари ҳудудий бўлинмалари ҳокимликлар тузилмасига ўтказилади. Айрим республика ижро органларининг Тошкент шаҳридаги туман бўлинмалари уларнинг вазифа ва функцияларини Тошкент шаҳри бошқармаларига ўтказган ҳолда тугатилади.

Top