Сохта аризалар билан фермерларнинг ерларини олиб қўйиш ҳолатларига чек қўйилади
Энди фермерларнинг ердан воз кечиши ДХМ орқали бўлади. Бу ҳақда Адлия вазири Руслан Давлетов президентнинг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юзасидан матбуот анжуманида маълум қилди.
Адлия вазири Руслан Давлетов МЧЖлар ер участкаларини ҳеч қандай танловсиз, ҳокимликдан тўғридан тўғри олиб келганини таъкидлаб, эндиликда бундай бўлмаслигини билдирди.
«Қандайдир тижорат ташкилоти келяпти-да, «мен фермер эмасман, масъулияти чекланган жамиятман, менга ер ажратиб беринг», деб ҳокимликка мурожаат қилади. Катта-катта қишлоқ хўжалиги ерларини мана шу масъулияти чекланган жамиятлар олиб фойдаланаётган ҳолатлар бор. Бунга ҳам чек қўядиган вақт келди. Мана шу фармонда ҳам бу нарса кўзда тутилган, яъни улар ҳам очиқ танлов асосида, ҳар бир аризачининг аризаси ДХМ орқали қайд қилинади. Нимага? Ким ариза беряпти, ким иштирок этяпти, шуни билиш учун», деди Руслан Давлетов.
Шунингдек, у фермерлар номидан сохта ариза топширилиб, уларнинг ерлари олиб қўйилаётганига ҳам фармон билан чек қўйилишини маълум қилди.
«Жуда кўп ҳолларда кўряпмиз, «фермерлар ўз хоҳишига кўра ерни топширяпти», дея ҳужжат қалбакилаштирилган ҳолатлар бор. Бу ҳам давлат хизматлари орқали бўлади. Ростдан шу одам ерни ариза билан топширяптими, ростдан хоҳиши борми, демак, ДХМга келсин, бизда ҳамма камералар бор, ростдан шу ер эгасининг шахси аниқланиб, унинг ердан воз кечиши ҳам ДХМ орқали бўлади. Негаки, ушбу жараёнда қонунийлик таъминлансин», дейди адлия вазири.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 4та фермер хўжалиги ерлари сохта ҳужжатлар асосида ҳокимлик томонидан захирага қайтарилгани, суд ҳокимлик қарорларини бекор қилган бўлса-да, фермерларнинг ерлари қайтариб берилмаётгани ҳолати ёритилганди.
Мавзуга оид
22:21 / 01.11.2024
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини расмийлаштириш учун тўлов миқдори маълум қилинди
16:33 / 01.11.2024
«Ер қаъри тўғрисида»ги қонун қабул қилинди
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
20:10 / 06.08.2024