Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон йиқилса, нима бўлади?
Ғарб Эрондаги режимни йиқитиш учун киритилган санкциялар якуний мақсадига эришишидан умид қилиб, намойишларни бўрттиришга уринмоқда. Агар бу мақсадга эришилса, Исроилнинг кейинги нишони Туркия ва Саудия бўлади. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'даги колонкаси.
Эронда ҳар 2-3 йилда йирик намойишлар бўлиб туради. Намойишларга олий ҳокимият икки хил назар билан қарайди. Расмий даражада намойишларни тўлиқ ман этишмайди, чунки ислом республикасининг ўзи ҳам 1979 йилги оммавий намойишлар орқали пайдо бўлган. Лекин намойишлар сиёсий тизимни танқид қилганда, олий ҳокимият жиддий асабийлашади. Бунинг сабаблари бор, албатта…
Агар эътибор берилса, дунё давлатларидаги оммавий намойишларга деярли эътибор бермайдиган аксарият Ғарб давлатлари, аввало АҚШ ва Исроил, Эронга келганда ўта фаол бўлиб қолади. Эрондаги намойишларни максимал ва имкон қадар бўрттириб ёритишга киришади. Намойишларни «тизимнинг охирги талвасаси» сифатида талқин қилади.
Икки ҳафтадан ошяптики, эронликлар ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар сабаб, намойишлар ўтказишмоқда. Энг аввало миллий валюта – риалнинг жиддий қадрсизланиши эронликларни тинкасини қуритмоқда. Инфляция ва иқтисодий қийинчиликларнинг сабаби эса – иқтисодий сиёсат ва халқаро санкциялардир..
Ҳукумат узоқ йиллар валюта айирбошлаш курсини субсидиялаб келди, якунда бу субсидиянинг тўхтатилиши намойишларга туртки берди. Санкциялар борасида эса, Эрон дунёда умумий санкциялар сони ва салмоғи бўйича биринчи учталикка киради. АҚШ ва у бошчилигидаги Ғарб давлатлари Эронни иқтисодий заифлаштириш ва шу йўл билан режимни йиқитиш учун мисли кўрилмаган санкцияларни жорий қилган. Айнан шу сабаб ҳамки, оммавий намойишлар юз берганда, Ғарбдаги сиёсатчилар “ана, балки шу сафар, биз қўллаган санкциялар сабаб, режим йиқилар” дея умид қилади.
Исроил, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари ОАВ Эрондаги намойишларни “инсон ҳуқуқлари”, “демократия” нуқтайи назаридан ёритишади. Бироқ шу Исроилнинг ўзи кейинги икки йил мобайнида ўн минглаб фаластинликларни, бегуноҳ фаластинликларни оммавий ўлдирди. Жумладан, 20 мингга яқин фаластинлик болалар Исроил томонидан, АҚШ қўллови остида бемалол ўлдирилди. Бу оммавий қирғинлар амалга оширилаётганда Ғарб давлатлари, аввало Америка ОАВ “инсон ҳуқуқлари” ҳақида ҳеч нарса демади, дея олмади.
Эрон – Яқин Шарқ минтақасида Исроил ва АҚШ назоратидан ташқарида бўлган, Исроилни энг кўп танқид қилувчи давлатларнинг биринчиси ҳисобланади. Исроилнинг стратегик мақсади – Яқин Шарқ минтақасини тўлиқ янгидан форматлаш, барча давлатларни ёки ўзига бўйсундириш, ёки зарарсизлантириш. Бу йўлда Эрон – энг катта тўғаноқ.
Хўш, фараз қилайлик, Эрондаги исломий республика тизими йиқилди дейлик. Бу нимани англатади, нимани ўзгартиради? Янги Эрон ҳокимияти шу заҳотиёқ Исроил ва АҚШ билан ярашишга ҳаракат қилади ва Эрон Исроилга қарши давлатдан Исроилга мойил, унинг манфаатларига хизмат қиладиган давлатга айланади. Минтақада давлатлар мувозанати ўзгаради.
Эрон йиқилса, Исроилнинг нишонидаги кейинги давлат – Туркия бўлади. Сўнгра эса, Саудия Арабистони ва Миср келади. Чунки Исроилнинг мақсади – минтақада катта ва қудратли давлат бўлиш, “Катта Исроил”ни ташкил қилиш.
Агар Эронда сиёсий режим йиқилса, янги ҳокимият тезда Эронни кучли, марказлашган ва минтақада катта вазнга эга давлат мақомида сақлаб қола олмайди. Чунки Исроил ва унинг асосий инттифоқчиларининг мақсади – Эронни стратегик заифлаштириш. Агар бу давлат парчаланиб кетса, Исроил учун янада яхшироқ бўлади.
Исроил биладики, Эронда ҳокимият ва аҳолининг сиёсий кайфияти ўзгаргани мумкин, мусулмон ўзлиги ва бу ўзлик билан боғлиқ геосиёсий қарашлар ҳеч қачон ўзгармайди. Шунинг учун Исроил кейинги ўн йилликларда Яқин Шарқдаги кўплаб давлатлар каби, Эроннинг ҳам жиддий заифлашишини орзу қилади.
Ҳақиқатда, кейинги ўн йилликларда Ироқ режими йиқитилди, “Араб баҳори” кўплаб араб давлатларининг сиёсий тизимини қулатди. Бу ўринда иккита йирик муаммо кўринади. Биринчидан, ушбу давлатларда барқарор демократия, кучли ёки нормал фуқаролик жамияти шаклланмади. Аксинча, аксариятида фуқаролик уруши бошланди ёки ўткир сиёсий инқирозлар, заиф давлатчилик муаммолари бўй кўрсатди. Жумладан, этник ёки мазҳабий тўқнашувлар, сепаратизм одатий муаммога айланди.
Иккинчи муаммо – ушбу давлатлардаги авторитаризм. Чунки айнан авторитаризм давлатларни зарба остига қўйди, ташқи дунёда салбий ва ёмон репутацияли давлат сифатида ўзини намоён қилди. Ички сиёсатда эса, авторитаризм давлатнинг яшовчанлигини, ривожланишини, рақобатдошлигини таъминлаб бера олмади. Натижада, бу давлатлар ички ва ташқи босимлар қурбони бўлишди.
Эрон Ислом Республикаси олдида ўта мураккаб вазифалар турибди. Булар – давлатнинг легитимлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, сиёсий тизимни ислоҳ қилиш ва шу йўл билан ички ва ташқи босимлар ҳамда таҳдидларга дош бериш. Чунки Эроннинг йиқилиши нафақат Яқин Шарқ учун, балқи Марказий Осиё ва мусулмон дунёси учун ҳам фақат зарарли ҳодиса бўлади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
09:31
FT: Форс кўрфази давлатлари нефт қувурлари қурмоқчи
23:13 / 02.04.2026
Эрондаги энг катта кўприк АҚШ ва Исроил зарбаси оқибатида вайрон бўлди
21:19 / 02.04.2026
Эрон ҳеч қачон тажовузкорлик йўлини танламаган – Пизишкиён америкаликларга мурожаат қилди
17:25 / 02.04.2026