Жаҳон | 09:31
1935
4 дақиқада ўқилади

FT: Форс кўрфази давлатлари нефт қувурлари қурмоқчи

Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиши ортидан Форс кўрфази давлатлари нефт экспорт қилишнинг муқобил йўлларини яратиш учун нефт қувурлари қуриш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Фото: AP

Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг давом этаётган блокадаси туфайли Форс кўрфази давлатлари нефтни ушбу денгиз йўлини четлаб ўтган ҳолда экспорт қилиш имконини берувчи қувурлар қуриш режасини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси 2 апрел, пайшанба куни ёзди.

Нашрда таъкидланишича, расмийлар ва саноат компаниялари раҳбарияти вакиллари янги қувурлар, эҳтимол, Форс кўрфази давлатларининг Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб беришдаги узоқ давом этувчи узилишлар олдидаги заифлигини камайтиришнинг ягона йўли бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бироқ бундай лойиҳаларни амалга ошириш катта харажатлар, мураккаб сиёсий масалалар билан боғлиқ ва кўп йиллар талаб қилади.

Муаллифлар қайд этишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 1200 километрлик “Шарқ—Ғарб” нефт қувурининг стратегик аҳамиятини янада яққол намоён қилди. Бу қувур 1980-йилларда Эрон ва Ироқ ўртасидаги “танкерлар уруши” Ҳўрмуз бўғозининг ёпилишига олиб келиши мумкин, деган хавотирлар туфайли қурилган.

Бугунги кунда у асосий транспорт артериясига айланган бўлиб, ҳар куни Қизил денгиз бўйидаги Янбу портига 7 миллион баррел нефт етказиб беришни таъминлайди ва бу Ҳўрмуз бўғозини айланиб ўтиш имконини беради.

Мақолада айтилишича, энди Саудия Арабистони ҳар куни қазиб олинаётган 10,2 миллион баррел нефтни тўлиқ ҳайдаш имконига эга бўлиш учун “Шарқ—Ғарб” қувурини кенгайтириш ёки янги нефт қувурлари қуриш масаласини кўриб чиқмоқда.

Atlantic Council ташкилотининг Яқин Шарқ дастурлари бўйича катта маслаҳатчиси Мэйсон Кафафининг фикрича, энг истиқболли вариант битта муқобил йўналиш эмас, балки бутун бир қувурлар тармоғини барпо этиш бўлади.

Форс кўрфазидаги давлатлардан бирининг номи очиқланмаган амалдорига кўра, вариантлардан бири сифатида АҚШ раҳбарлигидаги Ҳиндистон — Яқин Шарқ — Европа иқтисодий коридори (IMEC) инфратузилма лойиҳасига қайтиш ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Журналистлар эслатишича, дастлабки лойиҳа сиёсий жиҳатдан мураккаб бўлган Исроилнинг Ҳайфа портига нефт қувури тортишни ҳам ўз ичига олган.

“Шарқ—Ғарб” нефт қувурини қурган Ливаннинг хусусий C.A.T. Group компанияси раҳбари Кристофер Бушнинг айтишича, янги қувурлар қуришга қизиқиш АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан олдин ҳам мавжуд бўлган.

Мутахассис баҳосича, Саудия Арабистонида Қизил денгиз соҳилида жойлашган Ал-Ҳижоз тоғ тизмасидаги қаттиқ базалт қояларини портлатиш зарурати ҳисобга олинса, шунга ўхшаш яна бир қувур қуриш тахминан 5 миллиард долларга тушади.

Ироқ, Иордания, Сурия ёки Туркия ҳудуди орқали ўтадиган қувурлар билан боғлиқ лойиҳалар эса ушбу ҳисоб-китобларга кўра 15 миллиарддан 20 миллиард долларгача тушиши мумкин.

Ўз навбатида, БААнинг юқори лавозимли, номи очиқланмаган амалдори Абу-Дабида Ҳўрмуз бўғозидан ташқарида, мамлакат шарқида жойлашган Ал-Фужайрага иккинчи қувур қуриш бўйича “доим Б режаси” бўлганини айтган. Бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги вазиятнинг узоқ муддатли манзараси аниқ бўлмагунча, бу борада бирор қарор қабул қилиниши эҳтимоли камлигини FT суҳбатдоши қўшимча қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид