Иқтисодиёт | 12:38 / 27.09.2024
6268
6 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда пахта хариди бўйича рақобат чекланмоқда

“Дислокациядан ташқари бирортангиз ўзингиздан бошқа территорияга кирманглар. Ҳар бир кластер эшитиб олсин, биржага қўйиладиган пахтани 6800 сўмдан ортиғига урманг”, дея топшириқ берган Қашқадарё вилояти ҳокимлигидаги амалдор. Президент қарорида савдолар вилоят миқёсида ўтказилиши белгиланган. Рақобатни чекловчи бундай дислокация қонунчиликда йўқ.

Фото: Kun.uz

Президент қарорига кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликлари билан келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари ҳар йили 1 октябрга қадар тузилиши керак.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиода Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғанишер Ҳайдаров кластерларга 6800 сўмдан қиммат нархда шартнома қилмасликни айтган.

“Ҳурматли кластерлар, дислокация бўйича ҳамма бир-бирининг ҳурматини билсин. Дислокациядан ташқари бирортангиз ўзингиздан бошқа территорияга кирманглар. Ҳар бир кластер эшитиб олсин, биржага қўйиладиган пахтани 6800 сўмдан ортиғига урманг. Кимда ким 6800 сўмдан ортиғига урса, ўзига зарар, ўзи тўлайди. Шуни эсдан чиқарманглар. Ҳамма билиб олсин, пахтанинг нархи – 6800 сўм. Сотиб олиш ҳам, сотиш ҳам 6800 сўм. Бир-бирингизни ҳурмат қилинглар, дислокация бўйича қўйилган фермерларни ўзингиздан ташқари кластер ютиб олмасин, шуни эътибордан четда қолдирманглар”, – дейди мулозим.

У яна бир аудиода кластерларни огоҳлантирган: 7000-8000 сўмдан фючерс шартномаси қилганлар нарх бу йилгидек ҳукумат томонидан пасайтириб берилишини кутмаслиги керак.

“Мен ҳозир биржага кириб чиқдим, яна бир ўйлаб кўринглар. Яна 6800 сўмга тушар экан десангиз, хато қиласизлар”, – дейди Ғанишер Ҳайдаров.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов юқоридаги аудио Ғанишер Ҳайдаровга тегишли эканини тасдиқлади. У мулозимнинг огоҳлантиришини “фермерларнинг фойдасига” деб талқин қилди.

“Пахта-тўйимачилик кластер корхоналарига биржага ўртача харид нархи 6800 сўмдан юқори нархда сотиб олинган пахтани харид нархи бўйича қўшимча битим тузилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 574-сонли қарори кучга кирганидан сўнг, кластер корхонаси томонидан биржа савдоларида сотиб олинган пахта харид нархида тўланиши бўйича кластер корхоналарига мурожаат қилинган.

Бундан келиб чиқадики, фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб, фючерс шартномасида кўрсатилган нархларда кластер корхонаси томонидан тўланиши фермерларимизга фойда келтиради”, – дейилади ҳокимлик изоҳида.

Kun.uz мазкур ҳолатга Рақобат қўмитасининг аралашувини зарур деб ҳисоблайди. Чунки ҳолат вилоят ҳокимлиги изоҳлаётганидек эмас: кластерларнинг нарх бўйича рақобат қилмасдан, нархни амалдор белгилаб бериши фермерларнинг фойдасига ишламайди.

Қолаверса, президент қарорида биржадаги савдолар ҳудудий доирада, яъни бутун вилоят миқёсидаги фермерлар ва кластерлар ўртасида бўлиб ўтиши белгиланган. Ҳокимнинг маслаҳатчиси айтаётган дислокация (туманлар ёки туманлар гуруҳи доирасидаги чеклов) қонунчиликда кўзда тутилмаган. Келгуси йил ҳосили учун фючерс савдолари ушбу дислокация доирасида, яъни маъмурий аралашув билан рақобат сунъий чекланган тарзда ўтишига антимонополия органи томонидан тегишли баҳо берилиши мақсадга мувофиқ.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига биноан, рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, хусусан, нархларни сунъий равишда белгилаш, товар ёки молия бозорини ҳудудий принцип бўйича бўлиб олиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан пахта ва чигит бўйича ҳудудий тақиқлар ўрнатилиши Қашқадарё вилоятида кўп бора рўй берган. 2022 йилда вилоят ҳокими Муроджон Азимов вилоят ҳудудидан чигит олиб чиқишга ноқонуний тақиқ қўйиб қўйган, бу норозиликларга сабаб бўлганди.

Шу каби бир қатор шов-шувли ҳолатлардан кейин, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланишини чеклаб қўйиш қонунан тақиқланган, бу ҳақда янгиланган Конституцияга ҳам алоҳида банд киритилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда фермер–кластер муносабатларини бозор релсларига ўтказиш бўйича ўтган йили президент қарори имзоланган эди.

Шу қарорга асосан, илк марта 2024 йилги ҳосил учун фючерс шартномалари товар хомашё биржасида (ҳар бир ҳудуд учун алоҳида) ўтказилган савдолар орқали имзоланган эди. Бунда бир қатор ҳолатларда килосига 8500 сўм ва ундан юқори нархларда ҳам шартномалар тузилганди.

Лекин, терим даврига келиб, кластерлар фермерлардан пахтани шартномада кўрсатилган нархларда сотиб олишни истамай қолди. Улар бунга жаҳон бозорида пахта нархлари тушиб кетгани, хомашёни қиммат нархда оладиган бўлса, экспорт бозорларида бошқа ишлаб чиқарувчиларга рақобат қила олмасликларини важ қилиб кўрсатди.

Ҳукумат бу ўринда тадбиркорлар ўртасидаги шартномавий муносабатларга аралашиб, кластерларнинг хоҳишини бажаришга қарор қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябр кунги қарорига асосан, жорий йилги ҳосил учун тузилган фючерс битимларига қўшимча шартномалар тузилиб, нарх 6800 сўмгача туширилди.

Ҳукумат фермерларнинг зарарини қисман қоплаш мақсадида, уларга муайян тартибда пахтанинг тоннасига 1 млн сўмдан субсидия тўланишини эълон қилди. Шу тариқа, кластерлар шартнома тузиш орқали ўз зиммасига олган молиявий мажбуриятларнинг бир қисмини (3,5 триллин сўм) солиқ тўловчилар кўтарадиган бўлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 25 сентябр куни берган ахборотдан маълум бўлдики, 90 фоиздан ортиқ фермер пахта нархини пасайтиришга кўндирилган. Қатор ҳолатларда қўшимча шартномалар ихтиёрий-мажбурий тарзда тузилгани, фермерларга босим ўтказилгани айтилмоқда.

Бир неча кун олдин Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров ҳамма фермерларни мажлисга йиғиб, жўнатилган бланкага муҳр ва имзо қўйдириш топшириғини бергани акс этган аудио тарқалганди.

Kun.uz бу мавзуда Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан интервю ташкил этганди.

Мавзуга оид