Ўзбекистон | 10:57 / 28.06.2020
10813
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари мажбурий тартибда синовдан ўтказилади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини синаш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб янгича тартиб ўрнатилмоқда. Унга кўра:

  • Импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларида самарали қўллаш ва уларнинг ишончлилик (сифат) кўрсаткичларини текшириш мақсадида барча турдаги қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмлари мажбурий тартибда синовдан ўтказилади. Бунда қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмлари маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчилар томонидан тақдим этилади;
  • Импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари, уларнинг агрегатлари, бутловчи қисмлари такомиллаштирилганда ҳам уларга қўшимча функцияларни бажариш юклатилганда такрорий синовларга тақдим этилади;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрига киритилган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларидан республикада экинларни етиштиришга рухсат этилади;
  • Импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг агрегатлари ва бутловчи қисмлари учун мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш тизими йўлга қўйилади. Бунда лаборатория асбоб-ускуналари ва ўлчов воситаларига эга бўлмаган ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларига сертификат берилишига йўл қўйилмайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб (унгача ишлаб чиқарилган техникалар бундан мустасно) ягона давлат реестрига киритилмаган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари, уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмларидан фойдаланганлик учун жавобгарлик жорий этилади.

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев зиммасига юклатилган.

Мавзуга оид