Қонун қабул қилиш жараёнидаги дебатлар телевизорда жонли кўрсатилади
Президент видеоселектор давомида сиёсий партияларнинг аҳоли билан мулоқоти, тарғибот-ташвиқот ишлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини ҳам етарли деб бўлмаслигини қайд этиб ўтди.
«Ҳеч кимга сир эмас, бу борадаги ишлар кўпинча юзаки, хўжакўрсинга бўлиб, ҳаётдан анча узилиб қолган. Аҳолини, партия электоратини ташвишга солаётган долзарб муаммоларнинг амалий ечимини топишга қаратилган ишлар, афсуски, ниҳоятда кам», деган президент.
Давлат раҳбари мисол сифатида, ЎзЛиДеПнинг Хоразм вилояти кенгашига келиб тушган 1 минг 250дан ортиқ ариза ва шикоятларнинг атиги 84таси бевосита вилоят кенгаши томонидан кўриб чиқилган бўлиб, қолган 1 минг 200га яқин мурожаат эса Президентнинг Виртуал қабулхонасига юборилганини келтирган.
«Ана шу мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг кўпчилик қисми тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини бузиш, банк, солиқ органларининг қониқарсиз фаолияти билан боғлиқ экани аён бўлади.
Савол туғилади: тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси деб танилган ЎзЛиДеП нима учун бу масалалардан ўзини четга олмоқда?», дейди президент.
Мавжуд тўртта партия газеталарининг савияси, «Ўзбекистон овози» газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермайди. Партия газеталарининг умумий сони бугунги кунда 60 мингга ҳам етмаслиги ҳаётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар бу нашрларда ўз ифодасини топмаётганидан далолат беради.
Хусусий нашрлардан мисол келтирайлик. Масалан, биз одатда «кўнгилочар нашрлар» деб биладиган «Даракчи», «Тасвир», «Сўғдиёна» каби газеталар нафақат енгил-елпи гапларни, шу билан бирга, муҳим ҳаётий масалаларни, айтайлик, коммунал хизмат, бозорлардаги нарх-наво, тиббиёт, транспорт масаласи, тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам атрофлича ёритаётгани учун тиражи ошиб бормоқда. Нима учун партия нашрлари бу масалаларда улар билан рақобат қила олмаяпти?
Сиёсий партиялар раҳбарларининг электоратни ўйлантираётган муҳим масалалар бўйича телевидение орқали аниқ-равшан ўз позициясини билдирганини ҳам эслай олмаймиз.
Нима, партия раҳбарлари матбуотда чиқишдан қўрқадими? Ёки халқ билан мулоқот қилишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини англаб етмайдиларми?
Сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар қилинаётгани ҳақида сиёсий партия фракциялари раҳбарлари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали ахборот бериб боришларини таъминлайдиган аниқ тизим жорий этиш лозим. Бу борада янги ташкил этилган «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Халқаро пресс-клуб имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.
Айниқса, марказда ва жойлардаги телеканаллар парламент ва маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини, хусусан, қонун лойиҳалари бўйича муҳокама жараёнларини, парламент назоратига оид тадбирларни, фракциялар ўртасида бўлаётган баҳс-мунозараларни, «жонли» тарзда, керак бўлса, тўғридан-тўғри халқимизга етказиши лозим.
Биз телевидение орқали фақат 10-15 та депутат ва сенаторни кўрамиз, холос. Уларнинг 85 фоизи «ойнаи жаҳон»да деярли кўринмайди. Депутат ва сенаторлар халқ вакиллари бўлганидан кейин доимо халқ олдида чиқиши, одамлар уларни таниши, олиб бораётган ишларидан хабардор бўлиши керак эмасми?», Мирзиёевнинг сўзларини келтирган ЎзА.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбари Хуршид Мирзоҳидовга икки ой муддатда Олий Мажлис раҳбарияти билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилган.
Мавзуга оид
18:07 / 16.10.2024
Олий Мажлис сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди
17:44 / 20.09.2024
«Ҳаддини билмаганларни меҳмон деёлмаймиз» – Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024