Жамият | 19:00 / 30.01.2026
3131
9 дақиқада ўқилади

Баланд бинолар шамолни тўсадими: вентиляция коридорлари қандай ишлайди?

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастури лойиҳасида Тошкентда шамол йўналишлари ва шаҳарнинг табиий вентиляциясини урбанистик моделлаштириш (Urban Digital Twins) тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Шамол ва вентилятсия моделлаштируви Тошкентдаги қурилиш сиёсатига қандай таъсир кўрсатади? Умуман олганда ўзи сўнгги йилларда замонавий шаҳарлар қандай режа асосида ривожланмоқда, “вертикал” ва “горизонтал” ўсиш қандай мувозанатланади, қайси мегаполисларнинг стратегияси Тошкент шароитига яқин? Шу каби саволларга мутахассислар фикр билдирди.

23 январь куни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасидагиислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури юзасидан президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа бандларидан бири Тошкентда шамол йўналишлари ва шаҳарнинг табиий вентиляциясини урбанистик моделлаштириш (Urban Digital Twins) тизимини жорий этишга қаратилган. Унинг ёрдамида шамол “тўхтаб қоладиган” зоналар аниқланиши, шамол тезлиги ва йўналишини ўзгартирувчи омиллар белгиланиши, табиий вентиляция коридорлари топилиб, уларга таъсир қилувчи факторлар (жумладан, режалаштирилган бинолар қаватини пасайтириш, очиқ майдонлар ташкил этиш) бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши; маҳаллаларда датчиклар орқали ҳаво айланиши мониторинг қилиниши ва жамоатчилик учун очиқ онлайн харита ишга туширилиши кўзда тутилган.

Ушбу янги режа (шамол ва вентилятсия моделлаштируви) Тошкентдаги қурилиш сиёсати ва бош режага қандай таъсир кўрсатади? Умуман олганда ўзи сўнгги йилларда замонавий шаҳарлар қандай режа асосида ривожланмоқда, уларда “вертикал” ва “горизонтал” ўсиш қандай мувозанатланади, қайси мегаполисларнинг стратегияси Тошкент шароитига яқин?

Шу каби саволларга Parallel Architects архитектура бюроси асосчиси, Ўзбекистон ёш архитекторлари уюшмаси вакили Азиз Қосимов, шунингдек Буюк Британиядаги Sunkari Ltd компаниясида лойиҳа менежери ва TTPZ Services Ltd компаниясида қурилиш бўйича менежер сифатида фаолият юритаётган Дониёрбек Мўминовлар ўз фикрлари билан бўлишди.

Биноларнинг баландлиги, "Шамол гули" ва аэродинамика

Кўпчилик баланд биноларни шамолни тўсувчи асосий тўсиқ деб билади. Бироқ Дониёрбек Мўминовнинг фикрича, масала бинонинг баландлигида эмас, балки унинг аэродинамик жойлашувида.

"Лойиҳа билан танишиб чиқдим, энди Тошкентдаги биноларнинг қурилишида шамол йўлини ҳисобга олиниши қувонарли. Айрим инсонлар “бинолар қаватини пасайтириш” деганда ёппасига барча бинолар бузилиб, қаватлари камайтирилишини тушуниб қолиши мумкин. Бу фикр хато. Керакли жойда паст керакли жойда баланд бинолар қурган ҳолда шамолни кучайтириш мумкин. Бу кўплаб замонавий шаҳарларда ўз исботини топган усул.

Шамол шаҳарсозликда “табиий фон” эмас, балки лойиҳанинг техник хавфсизлик ва микроиқлим параметри. Бино қурилишидан олдин лойиҳада “шамол гули” (wind rose) бўлими бўлиши шарт. Бино қайси томондан келадиган оқимга рўбарў келади, оқимни тўсадими ёки тезлаштирадими, кўча бўйлаб “туннель” эффектини кучайтирадими, қаерда гирдоб пайдо қилади? булар олдиндан ҳисобланиши керак. Шаҳар микроиқлимини “бино баландлиги” билан чеклаб бўлмайди. Яшил ҳудудлар ва сув объектлари (кўл, микро резервуарлар) намликни ушлаб, иссиқ даврда ҳудудни юмшатади. Шунинг учун “шамол коридори” билан бирга шаҳар “микроиқлим инфратузилмаси” ҳам қайта кўрилиши керак. Бу масала парк, кўкаламзорлаштириш ва сув элементларини режалаштиришга бевосита бориб тақалади." - деб тушунтирди Дониёрбек Мўминов.

Мутахассиснинг огоҳлантиришича, пойтахтнинг асосий "ўпкаси" ҳисобланган Чирчиқ ва тоғ тизмалари томондан келадиган ҳаво йўллари шахсий дала ҳовли ва тартибсиз объектлар билан ёпиб қўйилган. Рақамли модель эса айнан мана шу "ёпиқ клапанларни" аниқлаш имконини беради.

Ягона регламентсиз рақамли модель харита бўлиб қолади

Мутахассис Азиз Қосимовнинг таъкидлашича, Тошкентда шамол йўналишлари ва шаҳарнинг табиий вентиляциясини урбанистик моделлаштириш орқали ҳисобга олган ҳолда режалаштиришнинг энг мақбул йўлларидан бири биноларни яхлит концепция асосида комплекс тарзда лойиҳалаш ва қуришдир. Унинг фикрича, бундай ёндашув шаҳарда ҳаво айланишини табиий тарзда таъминлашга хизмат қилади ва замонавий, барқарор шаҳарсозлик ечимлари қаторига киради.

Қосимов комплекс қурилиш учун минимал стандартлар ижтимоий инфратузилма, яшил ҳудудлар, паркинг, транспорт ечимлари, хавфсизлик ва сервис талаблари мавжуд шаҳарсозлик нормаларида белгиланганини қайд этади. Бироқ амалда ушбу меъёрларни замонавий талабларга мослаб янгилаш ва энг муҳими, уларни мажбурий қиладиган ягона қурилиш регламентини ишлаб чиқиш зарур. Акс ҳолда, рақамли моделлар ва хариталар қарор қабул қилиш воситасига эмас, шунчаки маълумот жамланмасига айланиб қолиши мумкин.

Шунингдек, шамол коридорлари, очиқ майдонлар ва квартал композицияси бўйича янги талаблар нуқтаи назаридан “Шаҳар бош режаси”ни қайта кўриб чиқиш ҳам яна бир ижобий қадам бўлар эди.

Тошкент қайси йўлдан бориши керак?

Дунёда тез ривожланаётган мегаполислар (Сеул, Гонконг, Сингапур, Истанбул, Дубай ва ҳкз...) тажрибасида қайси ривожланиш модели Тошкент шароитига энг мос? Азиз Қосимов шаҳар бинолар йиғиндиси эмас, ижтимоий организм. Унинг қиёфаси ва архитектураси ундаги одамларнинг қадриятлари, урф-одатлари, яшаш тарзи ҳамда географияси билан шаклланади. Шу боис у “Сеул, Дубай ёки Сингапур моделини тўлиқ кўчириш”дан кўра, Тошкентга мос ечимларни танлаб, ўзига хос гибрид йўл яратиш зарур деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, Қосимов Тошкент шароитига яқин бўлган икки аналогни ўрнак олиш мумкин деб ҳисоблайди:

1. Сеул — аҳоли кўпайиши фонида зичликни самарали бошқариш ва “смарт” инструментлар, яъни шаҳарни маълумотлар ҳамда бошқарув тизимлари орқали мониторинг ва назорат қилиш тажрибаси.

2. Истанбул — полицентрик (кўп марказли) ривожланиш модели: шаҳар ҳаёти битта марказга “қамалмай”, туманлар кесимида мувозанатли тарзда тарқалади.

Қосимов назарида, Тошкент учун энг мақбул йўналишлардан яна бири “15 дақиқалик шаҳар” концепцияси. Бунда инсоннинг кундалик эҳтиёжлари (иш, боғча, поликлиника, дўкон ва сервислар) уйи атрофида пиёда масофада бўлиши керак. Бу ёндашув нафақат тирбандликни камайтиради, балки ҳавони ифлослантирувчи автомобиллар оқимини ҳам сезиларли даражада жиловлайди.

Вертикал ривожланишда тежаладиган нарса фақат пул эмас: вақт, логистика, энергия ва ҳаво

Шунингдек, ҳар икки мутахассис ҳам Тошкент учун “энига ёйилиш”дан кўра вертикал ривожланиш ва зичликни тўғри бошқариш фойдалироқ эканини қайд этади. Пойтахтнинг “энига ёйилиши” (экстенсив ўсиш) иқтисодий жиҳатдан жуда қимматга тушмоқда, шаҳар четига 1 км канализация ва электр тармоқларини тортишдан кўра, марказда вертикал ривожланиш ва мавжуд тармоқларни модернизация қилиш давлат бюджети учун самаралироқ.

Урбанистлар вертикал ва ихчам тузилманинг иқтисодий мантиғини уй–мактаб–иш–тиббиёт–дам олиш манзиллари узоқ бўлса, одам тирбандликда кўпроқ туради, ёқилғи кўпроқ сарфланади, ҳаво кўпроқ ифлосланади ва куннинг катта қисми йўлга кетади. Кундалик эҳтиёжлар пиёда масофада бўлса:

— вақт тежалади;

— бизнес учун логистика харажатлари камаяди;

— шаҳар учун инфратузилма босими пасаяди;

— энергия тежамкорлик ва эксплуатация харажатларини бошқариш осонлашади;

— зичлик эса яшил майдонларни сақлаш ва яратиш имконини ҳам оширади.

Лекин бу ердаги асосий “шарт” ихчамлик шамол коридорларини ёпиб қўймаслиги керак. Шу сабабли digital twin ташаббуси, аслида, “зичлик”ни инкор этмайди; у зичликни тўғри жойлаш ва тўғри шакллантириш масаласига айлантиради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид