Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучли шамол ва сел Самарқандда талафот келтириб чиқарди
9 феврал куни Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида кузатилган кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида аҳоли уй-жойлари ва инфратузилмага зарар етди. Айрим ҳудудларда сел келиши қайд этилиб, автомобил йўлларини тўсиб қўйди.
Хусусан, Самарқанд ва Қўшработ туманларида сел оқибатида йўлларга зарар етган. Қўшработ туманининг Жўш, Оқмачит ва Чиммос маҳаллаларида аҳоли уйларининг том қисмига сел ва шамол таъсирида шикаст етган. Айрим жойларда сел суви йўлнинг асосий қатнов қисмини бузиб, ҳаракатни қийинлаштирган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Қўшработ туманида тез ёрдам автомашинасининг беморни ўз вақтида шифохонага етказиш мақсадида сел суви устидан ҳаракатлангани акс этган. Мазкур ҳолат кўплаб техника воситалари ҳаракатлана олмаган пайтда қайд этилган.
Ургут ва Нарпай туманларида эса кучли шамол оқибатида уйларнинг том қисмига зарар етган. Айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилган. Томларнинг учиб кетгани акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, 9 феврал куни республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ошган. Айдаркўл кўллар тизим атрофида ёмғирли нам ҳаво оқимларининг минтақадан ўтишида давомли ва шиддатли кучли шамоллар кузатилган. Хусусан, Жиззах вилоятида жойлашган Янгиқишлоқ кузатув станция маълумотларига кўра, ҳудудда кучли шамоллар 18 соатларча давом этиб, айрим муддатларда шамол кучи сониясига 28 метргача етган. Бу меъёрдан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассисга кўра, талофатларга нафақат шамол, балки намгарчилик ва ёғингарчиликнинг бир вақтда кучайиши сабаб бўлган.
Ўзгидромет ҳам Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Сазағонсой гидропостида ёғингарчилик миқдори 28,8 ммгача етганини қайд этган.
10 феврал куни вилоятнинг айрим ҳудудларида сел ва кучли шамол оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилгани маълум қилинди.
Мавзуга оид
19:18 / 06.02.2026
Самарқандда хориждаги фестивалга ўз фарзандларини юборган мансабдорлардан 28 млн сўм ундирилди
15:30 / 03.02.2026
Самарқандда кунига 500 тонна чиқинди саралайдиган станция қурилади
19:00 / 30.01.2026
Баланд бинолар шамолни тўсадими: вентиляция коридорлари қандай ишлайди?
10:53 / 29.01.2026