Ўзбекистон | 11:02
1469
2 дақиқада ўқилади

Кучли шамол ва чанг-тўзон: қатор ҳудудларда огоҳлантириш эълон қилинди

Бугун кундуз куни республика ҳудудларининг бир қатор қисмида шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда эса 20–23 м/с гача етиши мумкин. Кучли шамол чанг-тўзонлар билан кузатилиши эҳтимоли бор.

Маълум қилинишича, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучаяди. Айрим ҳудудларда эса шамол тезлиги баъзида 20–23 м/с гача кучайиши ва чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин.

Пойтахт Тошкент шаҳрида кечга томон шамол тезлиги 12–15 м/с гача кучайиши ҳамда чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли қайд этилган.

Кучли шамол ва чанг-тўзонлар шароитида фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралмоқда. Хусусан, автотранспорт ҳайдовчиларига йўлда эҳтиёт бўлиш, тезликни меъёрда ушлаш, кўриш масофаси пасайиши мумкинлигини инобатга олиш тавсия этилди. Шунингдек, пиёдаларга дарахтлар, электр симлари, реклама конструкциялари ва қурилиш майдонлари атрофида эҳтиёт бўлиш, енгил буюмларни маҳкамлаш ва имкони борича очиқ ҳавода узоқ қолмаслик тавсия қилинади.

Мутасаддилар ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда расмий об-ҳаво хабарлари ва огоҳлантиришларини кузатиб боришни маслаҳат бермоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид