Жаҳон | 10:10 / 01.10.2025
7159
1 дақиқада ўқилади

Россияда колониядан қочган Ўзбекистон фуқароси 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

Россия суди Липецк областидаги колониядан қочган ва қўлга олиш вақтида полиция ходимига қаршилик кўрсатган Ўзбекистон фуқаросини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. У ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллашда айбдор деб топилди.

Фото: Александр Подгорчук / Коммерсантъ

Ушбу шахс 2024 йил октябр ойида 2-сонли жазони ижро этиш колониясидан қочган олти маҳбусдан иборат гуруҳ таркибида бўлган. Қочганларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларидан бўлган, улардан тўрт нафари ўзбекистонликдир.

Қочганлар 2024 йил октябр ойи охирида Тамбов областида қўлга олинган. Ўшанда полициячи қидирувдагиларнинг тавсифига мос келадиган эркакларни пайқаган. Айбланувчи қўлга олишда қаршилик кўрсатган, натижада полициячининг ўнг қўли синган. Ушбу жароҳат ўртача оғирликдаги тан жароҳати сифатида таснифланади.

«Суд судланувчини жиноят содир этишда айбдор деб топди ва уни қаттиқ тартибли колонияга 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди», — дейилади Тамбов области прокуратураси хабарида.

Ўзбекистон фуқароси Россия Жиноят кодексининг 318-моддаси 2-қисми (ҳокимият мансабдор шахсига хизмат вазифаларини бажариши чоғида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли зўрлик қўллаш) бўйича судланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид