Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Титов: 2026 йилда Россияга ишлаш учун 40 минг ҳиндистонлик келади
РФ президентининг махсус вакили Борис Титов Россияга Ҳиндистондан меҳнат муҳожирлари оқими келиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг баҳосига кўра, бу қисман ишчи кучи танқислигини ёпишга ёрдам беради.
2026 йилда Россияга Ҳиндистондан камида 40 минг нафар меҳнат муҳожири келиши мумкин. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлигига берган изоҳида Россия президентининг барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Борис Титов хабар қилди. Титовнинг айтишича, Ҳиндистон билан ҳамкорлик Россиядаги ишчи кучи етишмаслигини қисман қоплаши мумкин.
Титов, шунингдек, сўнгги йилларда Россия иш берувчиларининг ҳиндистонлик муҳожирларга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай мутахассислар оқими Россия иқтисодиёти учун муҳим. Агар 2022 йилда Ҳиндистон фуқароларига тахминан 8 мингта ишлаш рухсатномаси берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14 мингтага етган, 2024 йилда эса 36 мингтагача кўпайган.
Жорий йилда визали мамлакатлардан ишчи жалб қилиш учун умумий квота қарийб 235 минг кишини ташкил этади, шундан тахминан 72 минг ўрин айнан Ҳиндистон фуқаролари учун ажратилган. Ҳиндистон учун меҳнат миграцияси валюта тушумларининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади: 2024 йил якунларига кўра, хориждан Ҳиндистонга пул ўтказмалари ҳажми 129 млрд долларга етган.
Россия президенти Владимир Путин яқин беш йил — 2026–2030 йиллар учун миграция сиёсати режасини тасдиқлади. У имзолаган тегишли фармон чоршанба куни, 15 октябрда эълон қилинган. Ҳужжатда, хусусан, Россияга ишлаш учун келадиган муҳожирлар сони 2030 йилгача ўсиб бориши айтилган ва бу кўп жиҳатдан РФ иқтисодиётининг хорижий ишчиларга бўлган эҳтиёжи билан изоҳланган. Муҳожирларни жалб қилишга ёрдам берадиган омиллар қаторида “анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш”га қаратилган давлат сиёсати ҳам тилга олинган.
Шу билан бирга, ҳокимиятлар миграция сиёсати миллий хавфсизликка “янги чақириқлар ва таҳдидлар” пайдо бўлишини ҳам ҳисобга олиши кераклигини қайд этмоқда. Улар муҳожирлар билан ишлайдиган иш берувчиларнинг жавобгарлигини оширишни, шунингдек, келганларни назорат қилиш учун рақамли ва биометрик тизимларни ривожлантиришни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
08:45 / 09.06.2026