Жамият | 17:16 / 23.12.2025
2585
2 дақиқада ўқилади

Россиядан бир ёшли Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Ёқутистондаги оилавий тарбияга кўмаклашиш марказида яшаган бир ёшли С.М.ни юртга қайтарди.

Фото: Дунё

Мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Россия Федерациясининг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Саха Республикаси (Ёқутистон)да оилавий тарбияга кўмаклашиш марказида яшаб келган бир ёшли С.М. — Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Маълум қилинишича, Ёқутистонда меҳнат фаолиятини олиб борган фуқаро гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятда айбланиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг фарзанди ҳибсхонада туғилган бўлиб, туғилгандан сўнг республика оилавий тарбияга кўмаклашиш марказига топширилган.

Маҳкуманинг онаси болани олиб кетиш учун Саха Республикасига келиб, Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Консулхона томонидан Россия Ташқи алоқалар ва халқлар ишлари вазирлиги ҳамда Ёқутистон округи маъмуриятининг Васийлик ва ҳомийлик департаменти билан алоқа ўрнатилиб, болани бувисига бериш бўйича тегишли мулоқот олиб борилган.

Халқаро конвенциялар асосида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кейинчалик қизчани Ўзбекистонга қайтариш учун махсус сертификат тайёрланган. Россия ҳукумати кўмагида бола белгиланган тартибда бувисига топширилган.

Шунингдек, Ёқутистондаги ўзбек диаспораси фаоллари кўмагида буви ва набира учун Ёқутистон–Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, улар эсон-омон ватанга қайтарилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид