«2030 йилга бориб қайта тикланувчи электр манбалари улуши 25 фоизга етади» — энергетика вазири
Энергетика вазири Aлишер Султoновга кўра, 5 гигаватт қуёш энергияси ва 3 гигаватт шамол энергиясини ўз ичига олган қўшимча энергия қувватлари яратилади.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда энергетика вазири Aлишер Султoнов Ўзбекистон айни пайтда паст углеродли энергетикани, жумладан, қуёш, гидро ва шамол энергетикасини ривожлантиришга эътибор қаратишни режалаштираётгани ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфини 16,5дан 12,1 миллиард куб метргача камайтиришни режалаштирмоқдамиз. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга давлат эканини алоҳида таъкидлаймиз. Ҳукуматимиз ва Энергетика вазирлиги кам углеродли энергия стратегиясини, иқлим ўзгаришини ва атмосферага углерод чиқиндиларини камайтиришни жиддий ўрганиб қабул қилмоқда», — деди Султонов.
Вазирга кўра, 10 йил ичида қўшимча энергия қувватларини яратиш ҳисобига умумий ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми 25 фоизга етказилади.
«Халқаро молия институтлари билан биргаликда Ўзбекистон учун электр энергияси таъминотининг ўн йиллик режасини ишлаб чиқдик. Ушбу режани амалга оширишимиз натижасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказилади, яъни 5 гигаватт қуёш энергияси ва 3 гигаватт шамол энергиясини ўз ичига олган қўшимча энергия қувватларини яратишга хизмат қилади», — деди Ўзбекистон энергетика вазири Aлишер Султонов.
Шунингдек, энергетика вазири Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станциясини қуриш режа қилингани ҳамда уни қуриш бўйича танловга қатнашиш истаги 70та компаниядан келиб тушгани ҳақида маълумот берди.
Aввалроқ, Самарқанд ва Жиззахда қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича «Masdar» билан битимлар имзолангани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
10:21 / 07.06.2024
FT Украина энергетикасининг ярми йўқ қилингани ҳақида хабар берди
19:05 / 06.06.2024
Истеъмолчиларга базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган газ-свет ҳақида SMS юборилмоқда. Бу қандай ишлайди?
08:34 / 05.06.2024
Ўзбекистоннинг маҳсулот тақсимотига оид барча битимлари хатловдан ўтказилади
15:53 / 03.06.2024