Бензин ишлаб чиқариш ва импорт қилиш кескин ошди. Бунга сабаб нимада?
2023 йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш 32 фоизга, импорт қилиш ҳажми 2 баробарга кўпайди. Импортнинг деярли 98 фоизи Россия ҳисобига тўғри келган.
Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда 504,6 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда 32 фоизга кўп.
Маълумот учун, Ўзбекистонда бензин асосан Бухоро ва Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади (шунингдек, Олтиариқда ҳам НҚЗ бор).
Gazeta.uz’нинг ўзида мавжуд маълумотларга таяниб ёзишича, 2023 йил бошидан бери бензин импорти миқдори бир неча баробарга ошган. Дастлабки тўрт ойда 335,2 млн литр бензин импорт қилинган, бу – ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробарга кўп.
Етказиб беришнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри 0,4 центни (Марказий банкнинг жорий йилнинг январь-апрель ойлари учун ўртача курси бўйича 4624,4 сўм) ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга арзон.
Мамлакатга олиб кирилган бензиннинг асосий қисми (97,7 фоиз) Россиядан импорт қилинган. Ўзбекистон Россиядан ўтган йилга нисбатан 2,3 баравар кўп – 327,8 млн литр бензинни 132,3 млн долларга (литри 0,4 центдан ёки 4579 сўм) сотиб олган.
Аввалроқ, Россия ҳукумати биржа савдоларида нархлар ошиши сабабли бензин экспортини қисқартириш масаласи муҳокама этилаётгани маълум қилинганди. Бу Ўзбекистондаги нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Шунингдек, Туркманистондан 2,15 млн литр (0,6 фоиз) бензин 1,41 млн долларга (литри 0,65 цент ёки 7452 сўм), Беларусдан 2,33 млн литр бензин 1,7 млн долларга (литри 0,73 цент ёки 8316,7 сўм) импорт қилинган.
Статагентлик ҳисоботида келтирилишича, 2023 йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистонга нефт ва нефт маҳсулотларининг импорти 45,9 фоизга кўпайиб 621,7 млн долларни, экспорти эса 89 фоизга ошиб, 64,4 млн долларни ташкил қилган.
Импорт ҳажми ошишига нима туртки бўлди?
2022 йил декабр ойида метан-шохобчалар фаолиятига чеклов қўйилиши ортидан бензинга талаб кескин ошиб кетганди. Шундан сўнг 2022 йил 10 декабрдан АИ-80 автобензини учун акциз солиғи нол ставкада қўлланиши ва биржада нархлар ўсиш даражаси чекланиши белгиланганди. Кейинроқ, солиқ имтиёзларини қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Мазкур омил жорий йилда бензин импортининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Қўшни мамлакатларда нархлар қандай?
Globalpetrolprices.com сайти маълумотларига кўра, 22 май ҳолати бўйича юқори сифатли 1 литр бензин нархи Туркманистонда 4900 сўмни, Қозоғистонда 5590 сўмни, Россияда 7340 сўмни, Қирғизистонда 7900 сўмни, Афғонистонда 8600 сўмни ташкил этган. Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган. Ўзбекистонда эса 10640 сўм экани қайд этилган.
Бензин нархи қандай шаклланади?
Ўзбекистонда ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан (2017 йил 15 ноябрдан бошлаб АИ-92, АИ-93, АИ-95 ва АИ-98 маркали, 2019 йил 15 августдан бошлаб АИ-91 маркали, 2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали) автомобил бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.
Яъни нархлар бозордаги эркин талаб ва таклиф қонунияти натижасида шаклланиши кўзда тутилган. Шундай бўлса-да, жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши доим ҳам ички бозордаги нархларга таъсир қилавермайди.
Ўзбекистонда бензин истеъмолчиларга етиб боргунга қадар турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товарлардан бири ҳисобланади. Юқори бензин нархи иқтисодиёт учун жуда ҳам хатарли. Чунки бензин нархи ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди ва барча товар ва хизматлар баҳосига босим ўтказади. Ёнилғи энергетика ресурслари нархлари ўсиши билан биринчи навбатда озиқ-овқат, кейин хизматлар нархлари қимматлашиши мумкин.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
15:10 / 13.11.2024
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024