Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов 13 октябрга ўтар кечаси Феодосиядаги нефт базасига дронлар ҳужуми уюштирилганини маълум қилди.
«Душманнинг учувчисиз учиш аппаратлари Феодосиядаги нефт базасига ҳужум қилди. Оқибатда ёнғин келиб чиққан. Ҳозирги маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Барча тегишли хизматлар аллақачон воқеа жойида ишламоқда. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан 20 дан ортиқ дрон уриб туширилган», – деб ёзганди у.
Украина хавфсизлик хизматидаги манбалар бир қатор оммавий ахборот воситаларига Украина ҳарбийлари Феодосиядаги нефт базасига ҳужум уюштиргани ва бешта резервуарга зарба берганини тасдиқлади, бироқ Украина қуролли кучлари бош штаби ҳужум ҳақида расман 15 октябр, чоршанба куни эрталаб хабар берди.
«Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, 2025 йил 13 октябрга ўтар кечаси вақтинча босиб олинган Феодосиядаги Денгиз нефт терминали корхонаси такроран аниқ нишонга олингани тасдиқланди», – дейилади украиналик ҳарбийлар баёнотида.
Бош штаб маълумотларига кўра, ҳужум натижасида аввалги ҳужумдан кейин омон қолган 16 та ёқилғи резервуари шикастланган. Корхона ҳудудида ҳали ҳам кенг кўламли ёнғин давом этмоқда.

«Қрим.Реалия»нинг ёзишича, содир бўлган ёнғиннинг шуъласи Феодосиядан шимолроқдаги Эски Қрим шаҳридан ҳамда Қримнинг жанубий соҳилининг ғарбий қисмида жойлашган Алупкадан ҳам кўринмоқда.
«Кримский ветер» канали мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, сешанба куни кечқурун Феодосиядаги нефт қуйиш терминалида олтита ёқилғи резервуари ҳамон ёнаётганди.
Сешанба куни «Қрим.Реалия» Феодосия устида заҳарли тутун сузиб юргани – уни ҳатто Эски Қримдан (нефт базасидан тахминан 25 км узоқликда) ҳам кўриш мумкинлиги ҳақида ёзди. Ёнғин содир бўлган жойдан 10 км масофада куйинди ҳиди сезилган.
Чоршанба куни эрталаб нефт базаси ёнидан ўтиш ҳали ҳам ёпиқ эди, тутун изи эса Керч томон 36 километрга чўзилган, деб ёзади «Кримский ветер».
Феодосия мэри Владимир Ким эса шаҳарда ҳаво гигиеник меъёр доирасида қолаётганини таъкидлаган.
NASA FIRMS тизими маълумотларига кўра, Денгиз нефт терминали жойлашган ҳудудда иссиқлик аномалиялари қайд этилган, бу йирик ёнғиндан далолат бериши мумкин. Юқори ҳарорат излари харитада ҳали ҳам сақланиб қолган.
















