Ўзбекистон | 11:35 / 06.06.2023
133504
3 дақиқада ўқилади

Қовурғаси синдирилиб, бўйин қисмидан бўғиб қийноққа солинган – Бўкадаги ишнинг янги тафсилотлари

Kun.uz’нинг ички ишлар органларидаги манбаси берган маълумотдан марҳум қандай усулда қийноққа солинганини тахмин қилиш мумкин.

Фото: Kun.uz

4 июн куни Бўка тумани ИИБда дўппосланиб вафот этган У.С. 1987 йилда туғилган, унинг 4 нафар фарзанди бор ва ўзи ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Дастлабки экспертиза хулосалари ИИБ ходимлари унинг қорин соҳасига ургани ва бўйин қисмидан бўғиб қийнаганини кўрсатмоқда.

«Марҳумда кўкрак қафаси чап томонлама 5-қовурғанинг тўш соҳасига бирикиб, ёпиқ синиши, атроф тўқималарига қон қуйилиши, қорин парда ости, ингичка ичак ва ичак тутқичларига кўп миқдорда қон қуйилишлари, бўйиннинг қалқонсимон тоғай ва тил ости суяги соҳалари тўқималарига қон қуйилиши каби жароҳатлар аниқланган», — дейилади Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотда.

Тўрт нафар фарзанднинг отасини уриб ўлдиришда гумонланаётган ИИБ ходимларидан бирининг исми Дилшод бўлиб (1985 йилда туғилган), Бўка туман ИИБ ЖҚБнинг катта тезкор вакили. Яна бирининг исми Шаҳзод. У 1992 йилда туғилган, 2019 йилдан буён Бўка туман ИИБ ЖҚБнинг тезкор вакили бўлиб ишлаб келган. Икки ходим ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида ушбу ходимлар тизимдан бўшатилгани ҳамда Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган. Бундан ташқари, Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бобохонов ва бир қанча масъуллар лавозимдан олинган.

ИИВ ўз баёнотида марказий аппарат ва вилоят ИИББдаги айрим масъулларнинг ҳаракатлари юзасидан ҳам хизмат текшируви тайинланганини билдирган эди.

Kun.uz’нинг ички ишлар органларидаги манбаси маълум қилишича, вилоят ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ортиқ Худайбергеновнинг бевосита ва билвосита қўллови ортидан вилоятдаги жиноят қидируви хизмати ходимларининг кўплаб ғайриқонуний ишларига «кўз юмилмоқда».

Тошкент вилояти ИИБнинг жиноят қидируви йўналишига 5 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Ортиқ Худайбергенов – Ўзбекистон президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергеновнинг ўғли ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқларда Бўка туманида марҳумнинг ўндан ортиқ қариндошлари ИИБ биносига бостириб киришга урингани акс этган видеолар тарқала бошлаган.

Мавзуга оид