Ўзбекистон | 19:59 / 10.02.2021
24146
4 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга 1 сентябргача янги боғча ва мактаблар қуриш бўйича топшириқ берилди

Вилоятлар ҳокимлари жорий йил 1 сентябрга қадар бюджет ҳисобидан 22та боғча ва 31та янги мактаб қурилишини таъминлайди. Бу ҳақда президент 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселекторда айтиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши давомида жорий йилга мўлжалланган ижтимоий масалаларга алоҳида тўхталган.

«Бир ой муддатда Болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш, унинг мақоми, фаолият йўналишлари, вазифалари, молиялаштириш манбалари, жамоатчилик иштирокини назарда тутувчи қонун лойиҳасини парламентга киритиши зарур.

Ушбу фондга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга бош вазир ўринбосарлари Мусаев ва Умурзоқов фонднинг молиявий манбайини кенгайтириш учун, жорий йил 1 июнига қадар халқаро молия ташкилотлари грантларини жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказиб, амалий натижа кўрсатиши керак», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вилоят ҳокимлари Қўчқоров, Мусаев, Шерматов билан бирга жорий йил 1 сентябрга қадар меҳрибонлик уйларининг муҳтож бўлган битирувчиларини уй-жой билан таъминлашлари лозим бўлади:

  • Камалов – 33та, Абдураҳмонов – 30та, Зарипов – 26та, Солиев – 17та, З.Мирзаев – 16та, Турсунов – 91та, Абдураззоқов – 44та, Турдимов – 59та, Боболов – 13та, Ғ.Мирзаев – 39та, Д.Ҳидоятов – 100та, Бозоров – 26та, Эрманов – 50та, Ортиқхўжаев – 173та.

Шунингдек, вилоятлар ҳокимлари жорий йил 1 сентябрга қадар бюджет ҳисобидан 22та боғча ва 31та янги мактаб қурилишини таъминлайди.

Бунинг учун бош вазир ўринбосари Раматов ва Қурилиш вазири Зокиров вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йил 10 мартга қадар ҳар бир лойиҳанинг «манзилли рўйхати»ни тасдиқлаб, қурилишни шахсан назоратга олиши керак бўлади.

Шунингдек, Мусаев ва Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда 40та нодавлат ва 2 мингдан зиёд уй боғчаларини ташкил этишга ҳам масъул бўлади:

  • Камалов – 140та, Абдураҳмонов – 120та, Зарипов – 200та, Солиев – 100та, З.Мирзаев – 150та, Турсунов – 110та, Абдураззоқов – 200та, Турдимов – 150та, Боболов – 120та, Ғ.Мирзаев – 100та, Д.Ҳидоятов – 130та, Бозоров – 318та, Эрмонов – 155та, Ортиқхўжаев – 7та.

Мусаев ва халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда ҳар бир туманда биттадан физика фанига ихтисослашган мактаблар ташкил этиши белгиланган.

  • Тошкент вилоятида – 20та, Фарғонада – 17та, Қорақалпоғистонда – 15та, Андижон ва Самарқандда – 14тадан, Қашқадарё ва Сурхондарёда – 13тадан, Бухоро, Жиззах ва Хоразмда – 11тадан, Наманганда – 10та, Тошкент шаҳри ва Сирдарёда – 9тадан, Навоийда – 8та мактабда физика фанини чуқур ўргатиш йўлга қўйилиши топшириқ қилинган.

Шунингдек, жорий йил 1 июндан бошлаб пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда.

Бунинг натижасида, йил якунига қадар 100 минг нафар, келгуси йилда яна 200 минг нафар фуқаролар ортиқча сарсон бўлмай пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Бош вазир ўринбосари Қўчқоров ва молия вазири Ишметов бир ҳафта муддатда «Давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги  Қонунга ўзгартиш киритиш бўйича лойиҳани Олий Мажлисга киритиши бўйича топшириқ берилди. 

Мавзуга оид