Жаҳон | 09:20 / 18.07.2022
11178
4 дақиқада ўқилади

Испания ва Португалиядаги жазирама: қурбонлар сони 1000 дан ошди

Испания ва Португалияда жазирама қурбонлари сони 1000 нафардан ошди, деб хабар берди BNO News. Метеорологлар ҳаддан ташқари юқори ҳарорат узоқ вақт сақланиб қолишидан хавотирда.

Фото: Reuters

Испания ва Португалияда жазирама қурбонлари сони 1000 нафардан ошди. Бу ҳақда 17 июль, якшанба куни Нидерландияда жойлашган BNO News ахборот агентлиги Twitter’да маълум қилди. AFP хабарига кўра, ўша куни Мадридда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 39 даражагача кўтарилган. Мамлакат шарқидаги Дон Бенитода рекорд даражадаги 43,3 даража ҳарорат қайд этилди

Каталониянинг La Vanguardia газетаси хабарига кўра, 16 июль ҳолатига кўра Испанияда камида 360 киши ҳалок бўлган. Улардан 22 нафари Мадрид провинциясида ҳалок бўлди, бир киши - 60 ёшли фаррош иш жойида ҳаётдан кўз юмди. Яна бир 50 ёшли эркак пойтахт яқинидаги Торрехон-де-Ардоз кўчасида иссиқ уришдан вафот этди. AFP агентлигининг таъкидлашича, шифокорлар жабрланувчига ёрдам бера олмадилар, унинг тана ҳарорати 40 даражага кўтарилган. 

Португалиянинг денгиз ва атмосфера институти - мамлакат миллий метеорология агентлиги маълумотларига кўра, 14 июль куни Португалиянинг Пиньян шаҳрида ҳарорат рекорди (Цельсий бўйича 47 даража) қайд этилган. 

«Кўплаб ҳудудларда - Португалиядан Франциянинг марказий қисмигача ва жануби-шарқий Европадаги ҳудудларда иссиқлик узоқ вақт (20 кун ва ундан кўпроқ) давом этиши мумкинлигига оид хавотирлар бор. Иссиқлик июль ойининг охиригача давом этиши ва августда ҳам кузатилиши мумкин». — деди AccuWeather Америка прогнозлар хизматининг катта метеорологи Тайлер Ройс. Унинг сўзларига кўра, гап Венгрия, Хорватия шарқи, Босния ва Герцеговина, Сербия, Руминия жануби ва Болгария шимолидаги бир қатор ҳудудлар ҳақида кетмоқда. 

Шу фонда Франция, Греция, Португалия ва Испанияда ёнғинлар авж олди, ўнлаб квадрат километр майдонлар ёниб кетди, минглаб аҳоли ва сайёҳлар яшаш ва дам олиш жойларини тарк этишга мажбур бўлди, бир неча қутқарувчилар ҳалок бўлди. 

Бу сўнгги бир неча ҳафта ичида Европанинг жануби-ғарбий қисмида содир бўлган иккинчи иссиқлик тўлқинидир. Олимлар ҳаддан ташқари иссиқ ҳароратга иқлим ўзгариши сабабчи эканини билдириб, келажакда қурғоқчиликнинг тез-тез ва кучли даврларини башорат қилмоқда. 

Буюк Британияда 16 июлда миллий инқироз штаби чақирилди. Аввалроқ Британия метеорология бошқармаси мамлакатнинг айрим ҳудудлари учун биринчи марта энг жиддий «қизил» иссиқлик огоҳлантириш даражасини эълон қилган эди. Келаси ҳафта бошида Лондон ва Манчестер ўртасидаги Англиянинг катта қисмида ҳарорат 40 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Аввалги рекорд - 38,7 даража ҳарорат 2019 йилда Кембрижда қайд этилган эди. 

Францияда, аксарияти Атлантика соҳилида жойлашган кўплаб департаментларда юқори ҳарорат туфайли расмийлар хавф даражаси оширилганини эълон қилди. У ерда ҳарорат 41 даражагача бўлган иссиқлик тўлқини яна бир неча кун давом этиши кутилмоқда. 

Германия метеорология хизмати (DWD) маълумотларига кўра, бу ҳафта кутилаётган иссиқлик тўлқини пайтида Германияда ҳарорат 40 даражага етиши мумкин, 19 июлда эса энг юқори чўққига чиқиши кутилмоқда. Метеорологлар прогнозларига кўра, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати тахминан 35 даражагача, жануби-ғарб ва ғарбда 39 даражагача, эҳтимол 40 даражагача кўтарилади. 

Мавзуга оид