Жаҳон | 09:50 / 19.01.2026
1124
2 дақиқада ўқилади

Португалияда президент сайлови натижасини иккинчи тур ҳал қилади

Португалияда президент сайлови ғолиби иккинчи турда аниқланади. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси душанба, 19 январга ўтар кечаси, бюллетенларнинг 99 фоизи санаб чиқилгандан сўнг маълум қилишича, Социалистик партия номзоди Антониу Жозе Сегуру биринчи турда 31 фоиздан сал кўпроқ овоз олган. 

Фото: Patricia De Melo Moreira/AFP

Сегуру билан бирга давлат раҳбари сайловининг иккинчи турига Андре Вентура ҳам чиқди — у Cheg” (“Етар!”) деб номланган ўнг-популистик партия раҳбари. Биринчи турда унга сайловчиларнинг 23,5 фоизи овоз берган.

Давлат раҳбари сайловининг иккинчи тури 8 феврал куни бўлиб ўтади. 1986 йилдан бери илк марта президентликка номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз ололмади.

Португалиянинг келажакдаги президенти узоққа чўзилган сиёсий беқарорлик шароитида ишлашига тўғри келади: сўнгги уч йил ичида мамлакатда парламент сайловлари уч марта ўтказилган. Португалияда президент асосан вакиллик вазифаларини бажаради, аммо муҳим ваколатларга эга. Хусусан, у парламент қабул қилган қонунларга вето қўйиши мумкин ва алоҳида истисно ҳолатларда парламентни тарқатиб, навбатдан ташқари сайловларни тайинлаш ҳуқуқига эга.

Сайловолди сўровлар ўнг-популист Андре Вентурани пойганинг фаворити деб кўрсатган эди, у ўз кампаниясининг марказий мавзуси қилиб иммиграцияни танлаган. Унинг партияси муҳожирларга қарши шиорлар ёзилган плакатлари Португалия учун мисли кўрилмаган ҳолат бўлди. Вентура партияси ўтган йили — ташкил этилганига атиги олти йил бўлганига қарамай, парламентдаги иккинчи энг йирик кучга айланган.

AP таъкидлашича, португалларни иммиграциядан кўра уй-жой инқирози ва ҳаёт қимматлашиши кўпроқ ташвишга солади. Президент сайловлари олдидан Антониу Жозе Сегуру ўзини “экстремизмни мағлуб эта оладиган ягона номзод” деб атади ва демократия қадриятларини бўлишадиган барча португалларни унга овоз беришга чақирди.

Португал ОАВ Антониу Жозе Сегуруни мўътадил номзод сифатида тасвирлайди. Унинг сайловолди кампанияси диққат марказида “барча португаллар учун муносиб ҳаёт”, тиббий хизмат сифати, ижтимоий тенгсизликни бартараф этиш ҳамда мамлакатдаги сиёсий қутблашувни енгиш учун партиявий можаролардан воз кечиш мавзулари бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид