Ўзбекистон | 12:04 / 26.07.2024
8188
2 дақиқада ўқилади

Адолатсиз қарор чиқарган судя 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Нурафшон туманлараро маъмурий суди судяси жиноий жазога тортилди. У оммавий-ҳуқуқий низолар билан боғлиқ ишларни кўриш вақтида 27 та ҳолатда адолатсиз қарор чиқарган.

Нурафшон туманлараро маъмурий суди судяси А.А. адолатсиз қарор чиқаргани учун судланиб, озодликдан маҳрум этилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 50 ёшли А.А. Нурафшон туманлараро маъмурий судининг судяси лавозимида ишлаб, оммавий-ҳуқуқий низолар билан боғлиқ ишларни кўриш вақтида ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган. У 2021-2022 йиллар давомида 27 та ҳолатда Ер кодекси, президент, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармон ва қарорлари талабларига зид равишда ҳокимлик ҳамда кадастр идораларининг ер (бино-иншоотлар) билан боғлиқ қарорларини ҳақиқий эмас деб топиб, улар зиммасига мажбуриятлар юклаш ҳақида адолатсиз ҳал қилув қарорлари қабул қилган.

А.А. томонидан қабул қилинган ушбу 27 та ҳал қилув қарорининг барчаси Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси қарорлари билан бекор қилинган.

Судя ўзи судланувчи сифатида иштирок этган суд мажлисида айбига иқрор бўлмасдан, фаолияти давомида ишларни кўришда тегишли процессуал нормага таянган ҳолда қонунга амал қилганини, холис ёндашганлигини билдирган. У мазкур ҳал қилув қарорларини қабул қилишида ҳеч қандай моддий манфаатдорлик бўлмаганлигини айтиб, суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2024 йил 4 июлдаги ҳукми билан А.А. Жиноят кодексининг 231-моддаси 1-қисми (Олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) билан айбли деб топилган. Унга 2 йил суд идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

Мавзуга оид