Жамият | 16:05 / 08.12.2025
23334
5 дақиқада ўқилади

Тўққиз қизли Жасур - тўрт эгиз туғилган хонадондан репортаж

Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи Жасур ва Дилфузанинг беш қизи бор эди. Шу йил уларнинг фарзандлари 9 нафарга етди - оилада тўрт қизалоқ эгизаклар дунёга келди. Kun.uz жамоаси чақалоқларнинг илк кунлари ва оиланинг кундалик ҳаёти билан танишди.

Эгизаклар туғилиши - табиатнинг энг ноёб ва ҳайратланарли ҳодисаларидан бири. Статистикага кўра, ҳар 80-85 та туғуруқдан бирида икки эгизак дунёга келади. Уч эгизак эса ҳар 8-10 мингта ҳолатда кузатилар экан. Ва ҳар 500-700 мингта туғуруқда тўрт эгизак дунёга келиши мумкин.

Шундай мўъжиза Қашқадарёнинг Китоб туманида, тоғлар орасида содир бўлди. Жасур ва Дилфузанинг оиласида тўрт нафар эгизак қизалоқлар туғилди. Энди уларнинг оиласида тўққиз қиз бор.

Чақалоқлар қарийб уч ҳафта давомида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида парваришланиб, шу кунларда уйига жавоб берилди.

“Чақалоқлар туғилгунга қадар уларнинг тўрт нафар эканини билмаганмиз. УЗИ текширувларида уч нафар экани кўрсатилган эди. Чақалоқлар кесиб олиш йўли билан туғилганда, тўрт эгизак эканини билиб, яна ҳам ҳайратландик. Уларнинг ҳар бири соғлом ва бахтли ўсиши учун қўлимиздан келган барча ҳаракатларни қиламиз. Келажакда тўққиз фарзандимизни ҳам яхши ўқитиб, вояга етказиб, зиёли инсон қилиб тарбиялашни мақсад қилганмиз”, - дейди Дилфуза Баҳриддинова.

Чақалоқларга Хадича, Саида, Фотима ва Осиё исмлари қўйилди.

“Ҳар бир чақалоқни ўз қўлларимда кўриш, уларнинг нафас олишини, ҳароратини кузатиш - энг катта бахт”, – дейди Дилфуза.

Қайнонаси Рафоат Омонова ҳам оилага кўмаклашмоқда.

“Мени ҳозирча ўйлантираётган асосий ҳолат - қишнинг совуғида болаларни иссиқ жойда сақлаш ва келинимнинг қийналиб қолиши. Аммо ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан. Мен ҳам қўлимдан келган ёрдамни қиламан, албатта”, - дейди чақалоқларнинг бувиси.

Оилада эгизаклардан ташқари яна беш нафар қизалоқ тарбияланмоқда. Улар ҳам вояга етмаган бўлса-да, ота-оналарга кўмаклашиб, кичиклар билан шуғулланишда ёрдам беришади.

Ҳудудий поликлиника ҳамширалари ҳам оилага мунтазам ёрдам кўрсатмоқда.

“Чақалоқлар туғилганини эшитганимизда биз ҳам жуда ҳайратландик. Ҳақиқатан ҳам туғуруқдан олдинги текширувларда уч нафар эгизак эканини билгандик. Улар тўрт эгизак экан, Худонинг берган неъмати. Оилага поликлиника ҳамширалари навбатчилиги ташкил қилинди, ҳар куни бир ҳамшира келиб чақалоқларга қарашга кўмаклашамиз. Бугун менинг навбатим. Очиғи, бундай ҳолат биз учун ҳам янгилик ва тажриба бўляпти. Қизалоқларнинг соғлом катта бўлиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз”, - дейди Гулбаҳор Остонова.

Оила учун бу ёрдам нафақат фарзандлар саломатлиги, балки онанинг дам олиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Жасур Маркаев Деҳқонобод туманида темирйўл соҳасида ишлайди.

“Ҳафтанинг беш кунида ишдаман, дам олиш кунлари уйда бўламан. Ўша кунларда ҳовлидаги ишларим билан шуғулланаман. Уйда мол-ҳолимиз бор, кичикроқ иссиқхона ҳам қилганман. Шукур, тирикчилигимиз манбаи шулар. Бироқ бизда қиш қаттиқ келади, чақалоқлар хонасига кондиционер ўрнатдик, электрда узилишлар бўлиб тургани учун бироз муаммолар бўляпти. Хоналар совиб кетяпти. Печка ва сандал қилганмиз, қанча ҳаракат қилмайлик хонага тутун тарқайди. Бу катталарга билинмас, чақалоқлар қийналишади. Ҳозир энг асосий ташвишим шу. Ҳар бир фарзандим соғлом ва бахтли бўлиши учун қўлимдан келган барча ҳаракатни ишга соламан”, - дейди у.

Оила учун бугун қувончли кунлар, эртанги кун эса жуда катта масъулият дегани. Тўққиз фарзандни, айниқса, бир вақтнинг ўзида тўрт чақалоқни катта қилиш, тарбиялаш, кундалик эҳтиёжларини қондириш осон эмас, албатта. Китоб туманида туғилган бу тўрт мўъжиза - фақат бир оила эмас, сиз-у биз, жамият учун ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Бу хонадондагилар фарзандларининг камолоти учун тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Ҳеч кимдан тама қилаётгани йўқ.

Бироқ ушбу оиланинг умумий даромади, яшаш шароитини кузатиб, таҳлил қилдик ва уларни моддий-маънавий томондан қўллаб-қувватлаш лозим, деган қарорга келдик.

Kun.uz таҳририяти уларнинг пластик карталарини қуйида эълон қилмоқда.

9860 1201 3598 3167 (Жасур Маркаев)

5614 6820 3970 9441 (Дилфуза Бахриддинова)

Ушбу хайрия оила учун нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки катта руҳий қувват ҳам бўлади. Саховатли юртдошларимизни уларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид