«Одамлар бизни тингламай хулоса чиқаряпти» — оилали аёлни зўрлаганликда айбланаётган беш эркак
Зўрлангани айтилаётган аёл томони ижтимоий тармоқларда тез-тез чиқишлар қилиб турибди. Гумондорлар эса Kun.uz билан суҳбатда айбловларни рад этди.
Сўнгги ўн кун давомида ижтимоий тармоқлар Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига теккани ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошди.
Таъкидлаш лозим, аксарият интервьюлар жабрлангани айтилаётган аёл ва унинг қариндошларидан олинган.
Kun.uz мухбири Андижон тумани Қорақалпоқ қишлоғига бориб, гумондор эркакларнинг беш нафари билан суҳбатлашди.
Мазкур воқеада гумонланувчи эркакларнинг сони асли 7 нафар бўлиб, улардан икки нафари – Абубакир Сатимов ва Омадбек Мелибоевлар айни пайтда транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани учун 15 суткалик маъмурий жазони ўташмоқда.
Биз қолган беш гумонланувчи билан суҳбатда бўлдик. Дастлаб Музаффар Солиев вазият бўйича изоҳ берди.
«Атрофда кира қиладиган шофёрлар билан 13 май куни «гап»имиз бор эди. Еб-ичиб ўтириб, чўмилиш мақсадида Қорадарёга тушдик. Бизнинг айбимиз – ўшаларнинг шийпони олдидан ўтиб кетганимиз бўлди. У ерга тўхтаганимиз ҳам йўқ. У қизни кўрганимиз ҳам йўқ. Уларни таниганимиз ҳам йўқ умуман. Тўғри ўтиб кетиб, улар айтаётган жойдан 1-1,5 километр узоқликда ўтирганмиз.
Шу ерда ўтириб, еб-ичиб, яна чиройли бўлиб қайтиб ўтиб кетдик ўша жойдан. У ерда биров билан учрашганимиз ҳам йўқ. Буни ўша ердаги қўй фермаси эгаси Шурик ака тасдиқлайди, гувоҳлик ҳам беради. Ўша ерда ёнимизда ўтирган, чўмилгани тушган беш-олтита йигитлар ҳам бор эди.
Биз сув бўйида ўтирдик. Озгинадан ароқ ичдик. Бизни «зўрлади» деяпти. Ўта катта айблов бу. Тўғри, айбимиз ичганимизда, лекин одам ичиб олиб ҳам у ишни қилмайди-да. Ақлга сиғмайдиган ишлар бўляпти бу ерда. Мен халқнинг олдида ҳам айтаман, Аллоҳнинг олдида ҳам айтаман, юзим ёруғ, Аллоҳга шукр», – дейди у.
Яна бир гумонланувчи Асилбек Мирзаабдуллаев умуман айбдор эмаслиги, ўша куни шериклари билан «нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолишгани»ни айтади.
«Участкавой келинглар деб телефон қилди. Кеча далага дам олгани тушган экансизлар, шунақа ҳодиса рўй берибди, деди. Одам шок ҳолатга тушади бунақа пайтда. Кейин ўзимнинг фикримни билдирдим. Бундай бўлиши мумкин эмас, 7 кишимиз, ичимиздан биров ҳаттоки ярим соатга, 20 минутга биздан ажрагани йўқ, тенг бориб, тенг қайтдик. Буни ИИБ ходимларига ҳам айтдим.
Улар туҳмат қиляпти, ана шу туҳматига, берган нотўғри кўрсатмасига жавоб беради. Тергов қилишди. Тергов жараёнида босим ёки айбдорлик ҳиссини мен сезганим йўқ. Ўзимиз биламизки, у ишни қилмаганмиз.
Менимча, оз қолди шекилли. Шу кунларда айбдорлар тергов беряптиям, шу нотўғри туҳмат қилганлар. У аёлни ҳам, эрини ҳам танимайман. Қайнакаси, ўша бизни ёритиб чиқаётган Азизбек исмли қайнакасини, отасини, онасини танийман. «Лабо»да бир-икки ишини қилиб берганман.
Йўқ, оилам менга ишонади. Оила аъзоларим билан муомаламиз яхши. Яқинларимиз аввалига нима гап-сўз деб сўрашди. Кейин уларнинг иккинчи чиққан интервюсидан сўнг ҳамманинг фикри ўзгарди-да, чунки жуда кўп нотўғри гаплар гапирилган.
Улар биринчи чиқишида воқеа соат уч ярим-тўртда содир бўлди деганди. Кейин соат иккида деб кўрсатма берди. Бир-бирига тўғри келмади. 5 ойлик келинчак «6 ойлик ҳомилам бор» деди. Кимдир уни стресс ҳолатда дейиши мумкин, лекин стресс ҳам маълум вақт бўлади, бир соатдир, икки соатдир, бир кун. Стресс ҳолатда бўлса, ҳушимдан кетиб қолдим деб, туриб, эрининг олдига борибди, гаплашибди. Қайтиб келиб, кечаси бўлган воқеани айтибди.
Кейин, адашмаётган бўлсам, булар эртасига эрталаб соат 7да, тонг саҳарлаб ички ишлар ходимига билдирги берган. Ўзи бир кун олдин тўртда бўляпти. Тўртдан эрталабгача булар нимани маслаҳат қилишган? Қанақадир план қилганмикан булар ўйлаб туриб? Бошқа одам бўлса, ўша вазиятни ўзида участковойга ёки «102»га хабар бериши керак эди-да.
Экспертиза хулосасини кутяпмиз. Тошкент кўряпти дейишди. Улар қайта-қайта важ қиляпти, иддао қиляпти. Йўлнинг рўпарасида яна битта шийпон бор, Шукрулло исмли шахсники, ўзининг шахсий мулки. У куни шу ернинг эгаси ўзининг ошна-оғайнилари билан овқат қилиб ўтирган бўлишган. Бизни ўша ердан ўтди деяпти. Улар ҳам кўрсатмасини берди, бу ерда биз ўтирганмиз, кўрмаганмиз буларни деб. Менинг айбим шу. Шунга 100 фоиз ишонаман.
Улар ҳам кўрсатма беришди. Ўша ерни айтяпти ноқонуний бу ер, фоҳишахона деди, қиморхона деди. Ҳар нарса деб кўряпти. У ер – Шукрулло аканинг отаси эрмак учун ўрдак боқиб юрган жой. Бизни айблаётган томон 30-40 сотихми, 50-60 сотихми ер илинжида шу ишни қилган деган бир фараз бор менда. Шахсий фикрим», – дейди Мирзаабдуллаев.
Гумонланаётган яна бир фуқаро Бахтиёр Ҳамроқулов 55 ёшда. Қорақалпоқ маҳалласида яшайди. Уч фарзанди, тўрт невараси бор.
Бахтиёр Ҳамроқулов ҳам ҳеч нарсага тушуна олмаётгани, чўмилгани тушиб мана шу ғавғога тўғри келганини бот-бот таъкидлади. Унинг укаси жабрланувчи дейилаётган келиннинг оиласи билан қуда экан.
«Бир блогер йигит нотўғри гапириб юборди. Мен у қизни ҳатто танимайман ҳам, кўрмаганман ҳам. Биз ўша ердан ўтиб кетаётганимизда ҳам шийпон атрофида ҳеч ким бўлмаган, қайтаётганимизда ҳам бўлмаган. Нимага туҳмат қилаётганини биз ҳам билмаймиз», – дейди Б.Ҳамроқулов.
Гумонланувчи Ҳуршидбек Жумабоев ҳам ўша кунги ҳолатга изоҳ берди.
«Мен ўзи бошқа маҳалладанман. Ўша куни ўша шийпондан биринчи марта ўтишим эди. Шофёр ҳамкасблар билан «гап»имиз бор эди. Шу ерда чойхонада бўлганмиз «гап»да, у ердан чиқиб чўмилгани дарёга тушганмиз. Шу, ўтдим-қайтдим.
Уларнинг оиласини ҳам яхши танимайман. Мени ҳам танишмайди улар. Қўшни маҳалладан бўлганман мен.
Гувоҳларимиз бор. У ерда бир акамиз қўй боқаётганди, Шуҳрат ака деган. У ҳам терговга келди. Ўтирган жойимизда 30-40 метр атрофида нарироқда бошқа болалар ҳам ўтирганди. Шу Қорақалпоқнинг боллари. Улар ҳам терговга чиқиб, бизнинг гапларимизни тасдиқлаб гувоҳлик берди.
У шийпонга тўхтаганимиз ҳам йўқ, у аёлни кўрганимиз ҳам йўқ. Нега ундай қилишяпти, ҳайронман. Уларнинг оиласини яхши танимасам, адоватим бўлмаса, мени танишмаса.
Онам, отам сиқилиб, туҳматга қолганим учун касал бўлиб қолди, уйимда ҳам ҳаловатим йўқ. Аллоҳнинг ёнида ҳам, бандаларининг ёнида ҳам юзим ёруғ. Мен бу нарсани қилмаганман, бу нарсани қиладиган бола ҳам эмасман. Менда ҳам 4 фарзанд бор, сингил бор, турмуш ўртоғим бор. Уйимда ҳаловат йўқ, кирсам, аёлим ҳам ғалати муомалада бўлади. Давлатимизга ишонаман, қонунимизга ишонаман», – дейди Жумабоев.
Бешинчи гумонланувчи Бекзодбек Аслоновнинг гаплари ҳам юқоридаги шериклари билан бир хил эди. У аёлнинг сўзларини эшитиб ҳайрон қолганини билдирди.
«У аёл терговда бизни танимади ҳам. «Ушлаб турган», деб айблов қўйяпти. Бу ғирт туҳмат, бунақа бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир 7 киши эдик, 6 киши аҳмоқ бўлса, ҳеч бўлмаса бир ақлли киши чиқади-да орасидан. «Эй тўхта, нимага бундай қиляпсан сен», дейди-ку?
Маҳалла аҳли бизга ишоняпти. Бизнинг тоза эканимизга шубҳа билдираётгани йўқ», – дейди у.
Гувоҳи бўлганимиздек, жуда чигал воқеа. Зўрланган дея айтилаётган аёл томони 7 нафар эркакни шафқатсизлик билан номусга тегишда айблаётган бўлса, гумонланувчилар мазкур ишга умуман алоқадор эмасликларини таъкидлашмоқда.
Андижон тумани ички ишлар ходимлари тергов ишлари кетаётгани ва суд-тиббий экспертизаси ўтказилаётгани сабаб ҳозирча изоҳ бермасликларини билдиришди.
Ўйлаймизки, тез кунларда ҳодисага тўлиқ ойдинлик киритилади.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
15:44 / 01.11.2024
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
10:26 / 24.10.2024