Ўзбекистон | 21:50 / 17.10.2019
28347
6 дақиқада ўқилади

Сайловчиларга ваъдалар, ЕОИИга киришнинг «плюс» ва «минус»лари ҳақида — Наримон Умаров билан суҳбат

Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди.

Шу муносабат билан Kun.uz мазкур жараёнларнинг бориши ҳамда партиялар фаолияти борасида батафсил фикрлашиш мақсадида Ўзбекистондаги мавжуд бешта сиёсий партиялар раҳбарлари билан суҳбатлар ташкил этмоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз «Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаров.

Наримон ака, дастлабки савол: «Aдолат» социал-демократик партияси яқинлашаётган сайловларда ўз қўллаб-қувватловчилари учун нималарни ваъда қилади? Умуман, мазкур партиянинг дастуридаги асосий йўналишлар ҳақида маълумот берсангиз.

— Албатта, сиёсий партиялар халқнинг ишончини қозониш, мавқейини ошириш ва аъзоларини сонини оширишида сайловолди дастурларининг ўрни катта.

Сайловолди дастур қанчалик кучли, жозибали, халқчил ва белгиланган вазифалар аниқ бўлса, халқ партияга ишонади. Шу боисдан, биз ҳам 2014 йилда қабул қилган беш йиллик дастуримизни янгилаб, унга қўшимчалар қўшяпмиз. Яъни, йил бошидан бошлаб кейинги беш йиллик учун сайловолди платформаси устида ишлаяпмиз.

Бизнинг бу дастурларимиз қуйидаги катта йўналишларни ўз ичига олади:

Биринчидан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш.

Бу банднинг ўзи ҳам бир нечта йўналишда ислоҳотлар қилишни кўзда тутади.

1) Республика миқёсида судларни бирлаштирган ҳолда ягона тизимга келтириш. Шунда ўйлаймизки, аҳолида ҳозирги каби қийинчиликлар бўлмайди, бир органга боради.

2) Тергов органларини оптималлаштириш. Ҳозирги вақтда учта вазирликда учта тергов органи бор. Биз ягона тергов органини яратишимиз зарур.

3) Адвокатура органлари фаолияти мустақиллигини таъминлаш. Биз адвокатлар мустақиллигини таъминлай олмаяпмиз.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 8300 нафар одамга 1та адвокат тўғри келади. Ваҳоланки, Исроилда бу кўрсаткич 126 кишига 1та, Эстонияда 1100 кишига 1та, Қозоғистонда 3800 кишига 1та. Биздаги адвокатлар сони жаҳондаги бирорта стандартга мос келмайди.

Уларнинг мустақиллиги масаласи ҳам жуда долзарб.

Суд жараёнида адвокат билан прокурорнинг мавқейи бир хил эмас.

Иккинчидан, коррупцияга қарши кураш ва учинчидан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласи. Дастуримизда ушбу масалалар устувор аҳамият касб этади.

Агар сиз раҳбарлик қилаётган партия бўлажак сайловда кўпроқ ўринга эга бўлса, табиийки, парламент ва ҳукуматда ўзгаришларга қўл уриши керак. Айтинг-чи, воқеалар шундай ривожланса, биз қандай ўзгаришларни кутсак бўлади? Бу борада аниқ режалар борми?

— Биз бундай ўзгаришларга тайёрмиз. Сафимизда, сиёсий кенгашимизда ва қўллаб-қувватловчиларимиз орасида юқори малакали инсонлар кўп.

Биз ислоҳотларимизни кўпроқ социал-демократларнинг ғояларига таянган ҳолда, ижтимоий йўналишда кўрамиз, албатта иқтисод ва бошқа йўналишларни эсдан чиқармаган ҳолда.

Наримон ака, сиз катта бир сиёсий партия раҳбари сифатида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз ва бунинг биз учун ўзига хос минус ва плюс тарафлари ҳақида гапирсангиз. Умуман, «Адолат»нинг бу борадаги позицияси қандай?

— Ҳақиқатдан ҳам, собиқ СССР ҳудудида бирлашган иттифоқ ташкил қилинган. Бизнинг дастуримизда қўшни давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий, гуманитар соҳаларда мустаҳкам алоқаларни олиб бориш белгиланган.

Биз барибир битта минтақада яшаймиз ва қўшнилар билан муаммоларимиз ҳам ўхшаш. Масалан, бешта мамлакатда ҳам сув муаммолари мавжуд. Иқтисодиётда ҳам шундай. Шахсан мен бу жараённи ҳам қизиқарли ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали деб биламан.

— Демак, «адолатчилар» ЁОИИга қўшилишни ёқлашади?

— Албатта ёқлаймиз, лекин бу таҳлиллар билан бўлиши, тарозига солиниши керак. Тўғри, ҳамма нарсага «хўп» деб кириб кетавериш ярамайди, лекин минтақамиз шуни хоҳлаётган экан, биз бундан четда туришимиз керак эмас.

— Бунинг «минус»лари-чи?

— Ҳа, бу жиҳатлари ҳам бор, лекин бу тарафларини иқтисодчилар кўпроқ ўйлаши керак. Бизга яхши таҳлиллар керак.

Ҳозир ижтимой тармоқлар орқали ҳам кўплаб таҳлиллар билдиришяпти, лекин буларнинг кўпи саёз фикрлар.

Мен экология соҳасида ишлаган пайтларимда қўшнилар билан кўп муаммоларни кўрганман. Масалан, божхона тамойиллари сабаб, Устюрт платосида жайронлар ўтиб юрадиган йўлларни ҳам ёпишга мажбур бўлганмиз. Чунки Қозоғистон иттифоқ сафида эди.

Бу масалаларни ҳам кўриб чиқиш керак. Яъни, тарозининг бир палласида «минуслар» ва бир палласида «плюслар».

— Сиз иқтисодимиздаги эҳтимолий ўсишлар ҳақида гапиряпсиз, лекин иттифоқ таркибидаги давлатларда ҳам жуда катта иқтисодий ўсишлар кузатилаётгани йўқ, назаримда...

— Масалан, Россия ва Беларусь ўртасидаги ҳолат. Беларусь томонидан Россияга нисбатан эътирозлар кўп кузатиляпти.

Мен бу ҳолатларни бир ташкилотга аъзо бўлишда кузатиладиган муаммоларнинг даракчиси деб биламан. Шунинг учун ҳам бизга кучли таҳлиллар керак.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид